Ўзбекистонда 1 майдан эътиборан электромобиллар учун утилизация йиғими тўрт бараварга қадар оширилади.
Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 31 январда қабул қилган “Электродвигателга эга бўлган транспорт воситалари аккумулятор батареяларини утилизация қилиш инфратузилмасини ташкил этиш ишларини молиялаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорга маҳаллий матбуот ва жамоатчилик бир неча кун ўтиб эътибор қаратмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб уч йилдан ортиқ бўлмаган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 30 бараваридан 120 бараварига (45 миллион сўм) оширилмоқда.
Ишлаб чиқарилган муддатидан бошлаб уч йилдан ортиқ бўлган электромобиллар учун йиғим БҲМнинг 210 баравари (ҳозирда БҲМнинг 90) баравари) ёки 78,75 миллион сўмни ташкил қилади.
Қарорда утилизация йиғимини ошириш таклифи Инвестициялар, саноат ва савдо, Иқтисодиёт ва молия ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирликлари томонидан тайёрлангани қайд этилган.
Ҳукумат ушбу қадамни “яшил” технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, электромобилларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган батареяларининг атроф-муҳитга кескин зарар етказмаган ҳолда утилизация қилинишини таъминлаш ҳамда соҳада маҳаллийлаштириш ишларини янада жадаллаштириш мақсадлари билан асослаган.
Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмай қабул қилинган бу қарор фаолларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Иқтисодчи Юлий Юсупов бу ҳолатни “улкан бюрократик йиртқич махлуқнинг Ўзбекистон иқтисодиётини ютиб юбориши”га менгзатди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров эса ҳукуматнинг ушбу қарори ЖСТга кириш музокараларига салбий таъсир этишидан огоҳлантирди.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистонда 2024 йил ноябрь ойида электромобиллар учун электромагнит мослашувчанлиги бўйича текширув талаби жорий этилган ва таҳлилчилар бу талабни электромобиллар импорти учун навбатдаги сунъий тўсиқ ўлароқ баҳолашган эди.
Расмий статистикага кўра, 2024 йилда Ўзбекистонда илк бор электромобиль ва гибрид автомобиллар импорти ҳажми бензинда ҳаракатланувчи автомобиллардан ошди. Ўтган йили мамлакатга хориждан 32928 дона бензинда ҳаракатланувчи, жами 41575 дона гибрид (17480) ва электр автомобиллар (24095) келтирилган.