"Элтуз" бош муҳаррири нашрнинг YouTube канали ёпилганини маълум қилди

Eltuz.com нашри бош муҳаррири Қудрат Бобожон (архив сурати)

Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритиб келаётган Eltuz.com нашрининг YouTube видеопорталидаги канали ўчириб қўйилди.

Нашр бош муҳаррири Қудрат Бобожонга кўра, YouTube каналида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳақида ёйинланган танқидий материаллардан сўнг “олдинига турли арзимас сабаблар билан шикоят қилинган”, журналистлар бу шикоятлар асоссизлигини исботлагани ортидан киберҳужум йўли билан “каналга порно ва террор мазмунидаги контентларни юклаб, канални вақтинча ўчиришга муваффақ бўлинган".

Қудрат Бобожон мазкур YouTube каналининг “Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳақида туркум лавҳалар қилган, мавжуд режим ичидаги коррупционерларни ревизор дастури орқали фош қилган, “Автобус” каби ҳажвий дастурлар ва ҳар жума бериладиган мультипликацион программаларда” муштарий билан бирга мушоҳада юритадиган канал бўлганини қайд этган.

Нашр иддаосига кўра, каналга қарши уюштирилган ҳужумларга “бош вазир Абдулла Ариповнинг коррупцияси фош қилинган контентлар” сабаб бўлган.

Швецияда рўйхатдан ўтказилган “Элтуз” нашри 2015 йилдан буён фаолият юритиб келади. Муассисларга кўра, нашр “либерал-демократик қадриятлар¸ сўз ва ифода эркинлиги, тараққиëт тарафдорлари ва жамиятни яхши томонга ўзгартириш истагида бўлганлар учун минбар” вазифасини ўташ мақсадида ташкил этилган. Айни пайтда нашр сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги, хусусан, Фейсбук ва Телеграмдаги саҳифалари ишлаб турибди.