Ҳиндистонда номаълум хасталик туфайли 300 дан зиёд киши касалхонага тушди

Иллюстратив сурат

Ҳиндистоннинг Андхра-Прадеш штатидаги Элуру шаҳрида сўнгги икки кун ичида номаълум хасталик важидан 315 нафардан зиёд одам касалхонага ётқизилган, бир киши вафот этган.

Бу ҳақда хабар қилган The Hindu нашрининг ёзишича, беморларда бош айланиши, бош оғриши ва тутқаноқ асоратлари кузатилган, улардан айримлари ҳушидан кетган.

Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазият назорат остида эканини билдирган.

СNN телеканалининг маҳаллий мулозим сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Андхра-Прадеш коронавирус энг кўп тарқалган штатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Бироқ, манбага кўра, ҳордиқ кунлари одамларнинг оммавий касалхонага ётқизилишига COVID-19 сабаб бўлган эмас, беморлардан коронавирусга олинган тестларнинг ҳаммаси манфий натижа берган.

Ҳозирда 180 киши касалхонадан чиққан, қолган беморларнинг аҳволи барқарорлигича қолмоқда.

The Times of India нашрининг ёзишича, мутахассислар маҳаллий турғунларнинг мазаси қочишига ҳавонинг ифлосланиши ёки сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмол қилиниши дохил қатор сабабларни ўрганмоқдалар.

Шунингдек, CNN қайдича, беморларнинг ҳаммаси битта манбадан сув ичиши аниқланганидан сўнг расмийлар Элурудаги сувнинг ифлосланиш даражасини ҳам текшира бошлаганлар. Сув намуналари 57 мингдан кўпроқ уйдан йиғилиб, лабораторияга йўлланган.