Эммануэль Макрон Франция президенти лавозимига қайта сайланди

Эммануэль Макрон президент сайловининг иккинчи босқичида овоз бериш чоғида, 2022 йил 24 апрели

Францияда 24 апрель куни ўтказилган президент сайловининг иккинчи босқичида Эммануэль Макрон ғалаба қозониб, сўнгги 20 йил ичида президентликка қайта сайланган сиёсатчига айланди. Сайлов участкалари ёпилганидан кейин эълон қилинган сайловларнинг дастлабки натижалари унинг ўз рақиби – ўнг популистик қарашларга эга бўлган Марин Ле Пен устидан ғалаба қозонганидан далолат бермоқда. Ле Пен сайловда мағлуб бўлганини тан олган.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Макрон сайловчиларнинг 58,8 фоиз овозини олишга, Ле Пен эса 41,2 фоиз овоз жамғаришга муваффақ бўлишган, дея хабар қилди Le Figaro нашри.

Бу икки рақиб бундан беш йил муқаддам – 2017 йил майида ўтказилган президент сайловида ҳам ўзаро беллашишган. Ўшанда Макрон 66,1 фоиз, Ле Пен эса 33,9 фоиз овоз олишга эришишган. Бу галги натижалар сайловчилар орасида Ле Пен тарафдорлари аввалгидан кўпайганини кўрсатди.

Европалик лидерларнинг кўпи бу сайловда Ле Пеннинг ғалабаси Европа Иттифоқига зарар етказишидан хавотирланиб, Макронни дастаклаганлар. Улар Ле Пенни Россия президенти Владимир Путинга хайрихоҳликда айблашган. Апрель ойида The New York Times газетаси Францияда ёқилғи нархларининг ошиши Макроннинг ғалаба қозониш имкониятини пасайтириб юбормаслиги учун Россия нефть, газ ва кўмирига қарши санкцияларни сайловдан кейин кучайтиришни режалаётгани ҳақида ёзиб чиққан эди.