Ўзбекистонда энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги ташкил этилади

Ўзбекистонда электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажарувчи “Ўзэнергосотиш” акциядорлик жамияти ташкил этилади.

Адлия вазирлигининг маълум қилишича, бу борада президент “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Фармонда қайд этилишича, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” электр энергиясини ташиш ва транзит қилишга ихтисослашган ягона магистраль электр энергияси узатиш тизими оператори этиб белгиланади.

“Ўзэнергосотиш” эса энергетика 2024 йил 1 июлдан электр энергиясини марказлашган тартибда харид қилиш ва сотиш функциясини бажаради.

2025 йил 1 январдан “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”нинг электр энергияси экспорти ва импорти шартномалари, хусусий электр станциялари билан имзоланган электр энергиясини сотиб олиш тўғрисидаги битимлари бўйича мажбуриятлари “Ўзэнергосотиш”га тўлиқ ўтказилади.

Фармонда 2024 йил 1 февралгача халқаро молия институтларининг техник кўмагида электр энергияси тарифларини шакллантиришнинг янги услубиётини ишлаб чиқишга ҳам кўрсатма берилган.

Сентябрнинг ўрталарида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги йилига энергетика учун ажратилаётган субсидиялар миқдори 1 миллиард доллардан ошгани ва бу жараён давом этадиган бўлса энергетика соҳасини ривожлантириб бўлмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

Мавзуга алоқадор Расман: Энергетика субсидиялари учун йилига камида 1 миллиард доллар сарфланмоқда

Ўзбекистонда узоқ йиллардан бери куз ва қиш мавсумида энергетик инқироз кузатиб келинади. Озодлик радиоси электр ва газ таъминотидан норози аҳоли намойишларга чиққани ва йўлларни тўсиб қўйгани тўғрисида ўзининг Zimiston лойиҳасида маълумот бериб келган. Жорий йилда эса энергетик инқироз баҳор ва ёз мавсумларида ҳам юзага келди.