Самарқанд вилоятида коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланиб электр ва газ корхоналарининг етти нафар ходими қамоққа олинди. Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов раҳбарлигида вилоятда энергетика соҳасида содир этилаётган коррупцион ҳолатлар ҳамда тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган.
Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖлар ходимлари ва бошқа масъуллар қатнашган.
Таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда гумонланган етти ходими айнан ушбу йиғилиш пайти намойишкорона қамоққа олинган.
Мамлакатда энергетик тақчиллик кузатилаётган вақтда, афтидан, “пиар юриш” ўлароқ амалга оширилган ҳибслар ижтимоий тармоқларда танқидга учради.
Иқтисодчи Отабек Бакиров буни “катта ўғриларни паналаш учун нафратни майда ўғриларга қаратиш” деб атади.
“Бу пайтда бир тўп олигархлар субсидияланаётган миллиардлаб куб газ экспортини тўхтатмайди. Ўзи йўқ ва камайиб бораётган газга миллиард ва миллиард долларлик шиширилган лойиҳалар ясалаверади, орада бизнес ва аҳолини газдан узишни оқлаб чиқувчи карнайлар ишга туширилади”, деб ёзди О.Бакиров.
Davletov.uz канали ҳам “тарифлар муттасил ошиб турган пайтда газ ўғриларига нисбатан нафрат, қоралаш эмас, балки уларнинг хатти-ҳаракатини оқлаш” кучайишига эътибор қаратди.
“Энергетика тизимининг репутацияси шу даражадаки, одамлар бу рақамларни шубҳа остига олади, ўмаришларга қарши оммавий курашларга ишонмайди. Заифга қонунни ишлатиб, ўзиникиларга кўз юмиляпти, деб ўйлашади. Бундай фикрлар осмондан тушгани йўқ”, деб ёзди Davletov.uz.