Энергетика вазирлиги электр таъминотидаги қувват танқислиги сабабларини очиқлади

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда бир-бири билан боғлиқ бўлган бир нечта омил сабабли электр энергияси таъминотида қувват танқислиги кузатиляпти. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик вакиллари электр танқислигидаги биринчи омил ўлароқ 4-5 ноябрь кунлари айрим вилоятлар ва пойтахт Тошкентда чанг-қумли бўрон кузатилган, натижада Тошкент ва Сирдарё ИЭСларининг энергоқурилмаларини қалин қопламали чанг босиб қолгани, бу эса бевосита ишлаб чиқариш ҳажмини кескин камайишига олиб келганини кўрсатганлар.

Қайд этилишича, бу муаммони бартараф этиш учун хавфсизлик қоидаларига мувофиқ станциялардаги энергоқурилмаларни тармоқдан ажратган ҳолда чанглардан тозалаш ишлари олиб борилган.

“Мазкур олиб борилган тозалаш ишлари давомида электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми камайди ва бунинг натижасида республикамизнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қувват танқислиги ҳолатлари кузатилди”, дейилган хабарномада.

Иккинчи омил сифатида энергетиклар Ўзбекистонда сув ресурсларининг ўртача кўп йиллик кўрсаткичларга нисбатан пастлиги келтиришган. Вазирлик маълумотига кўра, жорий йил сув ҳажми камайгани сабабли ГЭСларда йил якунига қадар 5 млрд кВт/соат ёки режага нисбатан 1 млрд 500 млн кВт/соатга кам электр энергияси ишлаб чиқарилиши кутилмоқда, бу эса қарийб 23 фоизга камни ташкил этади.

Вазирлик хабарномасида электр таъминотидаги танқисликка мазкур ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланилмаётгани ҳамда электр ва газ тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳам сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатаётгани урғуланган.

Энергетика вазирлигининг бу эътирофи Ўзбекистон Сенати раисаси Танзила Норбоеванинг “свет ўчиши тарихда қолгани”га оид иддаосига мувофиқ келмайди. Аввалроқ Т. Норбоева бу иддаоси учун ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари танқидига нишон бўлган эди.