Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам Қозоғистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 январь куни телефон орқали Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашди.

“Президентлар Қозоғистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган барча чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирдилар. Шу билан бирга, давлат раҳбарлари вужудга келган ҳолатни тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб, зўравонлик ва вазият кескинлашувига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлаб ўтдилар”,- дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизмати расмий билдирувида.

6 январь куни 5 январдан эътиборан таътилга чиққани маълум қилинган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот ўтказган.

Мулоқотлар давомида “Қозоғистонда вужудга келаётган ҳолат юзасидан фикр алмашинди”.

Янги йил бошидан суюлтирилган газ нархи оширилишига қарши Қозоғистон ғарбида бошланган норозилик тўлқини 3 кун ичида бутун мамлакат бўйлаб ёйилган.

Ҳукумат газ нархи туширилишини эълон қилганига қарамай, норозиликлар тўхтагани йўқ - намойишчилар эндиликда сиёсий талабларни илгари сура бошлашган.

Норозилик чиқишлари қабатида 5 январдан ҳукумат истеъфога кетган ва аввалги президент Нурсултон Назарбоев Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан озод қилинган, шунингдек, қатор расмий идораларда етакчи кадрлар алмаштирилган.

6 январда эса қозоқ президенти сўрови билан мамлакатга КХШТ кучлари киритилди.