Эрон қамоқларидаги насронийларга Исо Масиҳ мавлуди муносабати билан 10 кунлик таътил берилди

Эрон қамоқхонаси.

Эрон суди мамлакат қамоқларида сақланаётган насронийларга 10 кунлик таътил бериш тўғрисида қарор чиқарди.

“Насроний маҳкумларга янги 2022 йилни ва Исо Масиҳ мавлудини уйларида нишонлаш икониятини яратиш мақсадида шундай қарор қабул қилинди”,-дейилади расмий билдирувда.

Эрон суд тизими раиси Ғуломҳусайн Мўхсиний Эжаий мамлакатдаги барча қамоқхона ва маҳаллий ҳокимиятларга насроний маҳбусларга таътил ҳужжатларини тайёрлаш тўғрисида кўрсатма берган.

Таътил миллий хавфсизликка таҳдид солганлар, уюшган жиноий гуруҳ аъзоси бўлганлар, одам ўғирлаганлар ва ўлимга ҳукм қилинганларга таалуқли эмас.

Эрондаги насронийларнинг асосий қисмини этник арманлар ташкил қилади. Улар мавлудни 6 январь куни нишонлайди. Насронийлар Эроннинг 83 миллионлик аҳолисининг 1 фоизини ташкил қилади.