Эрон ноябрь ойи охирида ядровий битим бўйича музокараларга қайтишини очиқлади

Эрон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Али Бакирий

Эрон шу йилнинг 29 ноябридан Венада дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ўзининг ядровий дастури билан боғлиқ битим бўйича тўхтаб қолган музокараларни давом эттирмоқчи эканини эълон қилди.

Беш ойлик танаффус ортидан музокараларнинг янги раунди бошланадиган сана бўйича Европа Иттифоқи мувофиқлаштирувчиси Энрике Мора билан телефон орқали келишилган. Бу ҳақда Twitter’да Эрон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Али Бакирий маълум қилган.

ЕИ Ташқи алоқалар хизмати хабарномасида Мора раислигида Эрон билан ўтказиладиган музокараларда Буюк Британия, Хитой, Франция, Германия ва Россия вакиллари қатнашиши қайд этилган.

“Биз ноқонуний ва ғайриинсоний санкцияларни бекор қилиш мақсадида 29 ноябрь куни Венада музокара бошлашга розилик бердик”, деб ёзган Эрон ТИВ мулозими.

France-Presse агентлигининг ёзишича, эронлик дипломат АҚШ 2018 йилда Эрон билан ядро битимидан чиққанидан сўнг Вашингтон тарафидан расмий Теҳронга нисбатан жорий этилган санкцияларни назарда тутган. Мазкур қарор Дональд Трамп бошчилигидаги аввалги маъмурият томонидан қабул қилинган эди.

Трампдан сўнг иқтидорга келган президент Жо Байден, агар Эрон ҳукумати келишувларга тўлиқ риоя қилса, Вашингтоннинг Эрон билан битимдаги иштирокини тиклашга ваъда берган.

Жорий йил апрелидан июнь ойигача Эрон ва қатор етакчи давлатлар 2015 йилги битимни жонлантириш мақсадида Венада олти раунд музокара ўтказишган. Маслаҳатлашувлар июнь ойида Эронда президент сайлови ўтказилиши муносабати билан тўхтаб қолган эди.

Ғарб Эронни ядровий қурол яратишга ҳаракатда гумон қилади. Теҳрон эса буни рад этиб келмоқда.