Эрон суди Шероз шаҳридаги Шоҳчароғи мақбарасига ҳужум қилганликда айбланаётган Тожикистон фуқароси Рахматулло Наврўзовни ўлим жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Мизан” ахборот агентлиги Форс вилояти прокурори Козим Мусавийга таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, тергов пайтида Наврўзов “Ислом давлати” террорчи гуруҳининг аъзоси эканини тан олган. Ҳозирча Тожикистон ҳукумати бу хабарга муносабат билдирмади.
13 август куни Шоҳчароғи мақбарасига қилинган қуролли ҳужумда камида бир киши ҳалок бўлган, саккиз киши яраланган эди. Эрон ҳукумати масжидга Тожикистон фуқароси ҳужум қилганини билдирган.
Форс вилояти прокурори Козим Мусавий шиалар зиёратгоҳига қилинган ҳужумга алоқадор бўлган саккиз киши қўлга олинганини билдирган эди.
Шоҳчароғи мақбараси шиалар учун энг муқаддас бўлган беш зиёратгоҳдан биридир.
Эронда Шоҳчароғига ҳужум қилганликда айбланган тожикистонликка ўлим жазоси берилди
Тергов пайтида Наврўзов “Ислом давлати” террорчи гуруҳининг аъзоси эканини тан олган.