Эрон ядровий шартнома юзасидан музокаралар қайта тикланишини билдирди

Эрондаги Бушеҳр атом электр станцияси.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги ядровий шартнома юзасидан музокараларни қайта жонлантириш учун Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел 24 июнь куни кечқурун Теҳронга келишини маълум қилди.

“Эрон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўтказилаётган музокараларнинг давоми ўлароқ мазкур сафар доирасида икки томонлама муносабатлар, минтақавий ва халқаро масалалар, санкцияларни бекор қилиш масаласи муҳокама этилади”,-деди Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Саид Хатибзода.

2015 йилда Эрон олти йирик давлат – Хитой, Россия, Германия, Франция, АҚШ ва Британия билан ўзаро ядровий шартномани имзолаган эди. Шартномада Эрон ядровий лойиҳасининг бир қисмини тўхтатиши эвазига унга нисбатан жорий этилган санкцияларни босқичма-босқич олиб ташлаш назарда тутилган.

2018 йилда АҚШ Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқариш лойиҳасини давом эттираётганини билдириб, шартномадан чиққан. Натижада санкциялар қайта жорий этила бошланган. Эрон бунинг ортидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортган.

Шартномани қайта тиклаш бўйича музокаралар ўтган йилнинг апрелида бошланган. Аммо томонлар якуний келишувга эриша олмагани учун музокаралар тўхтаб қолган эди.