Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги янги шартномани имзолаш 2022 йилга қолдирилди

Абдулазиз Комилов 18 ноябрда Брюсселда ўтган матбуот анжуманида.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги янги ҳамкорлик шартномаси президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Брюсселга амалга оширадиган ташриф доирасида имзоланади. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Брюсселда 18 ноябрь куни якунланган “Ўзбекистон -ЕИ” ҳамкорлик кенгаши йиғинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Мазкур шартнома юзасидан музокаралар 2019 йилнинг 4 февралида бошланган эди. Ўшанда янги шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Брюсселга қиладиган сафари доирасида имзоланиши режалаштирилгани маълум қилинган эди.

Абдулазиз Комиловнинг 2021 йил 18 ноябрда Брюсселда ўтган матбуот анжуманида айтганларидан маълум бўлади-ки, шартномани ишлаб чиқиш ва имзолашга шу кунгача муваффақ бўлинмаган.

Абдулазиз Комиловга кўра, янги шартномани ишлаб чиқиш юзасидан бир неча йил мобайнида ўтказилган музокаралар доирасида Европа Иттифоқи Ўзбекистонда муаммо сифатида кўрган қатор масалалар ижобий ечимини топган ва кун тартибидан олиб ташланган. Аммо вазир бу борада батафсил маълумот бермади.

Вазирнинг айтишича, янги ҳамкорлик шартномасида инсон омили, демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масалаларига алоҳида урғу берилган.

ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик ҳақидаги янги битим 1999 йилнинг 1 июлида имзоланган амалдаги битим ўрнини эгаллайди.