Европа Иттифоқи Украина пойтахти яқинидаги Буча шаҳрида Россия армияси тинч аҳолини қатлиом қилгани тўғрисидаги хабарлар ортидан Москвага нисбатан янги санкциялар пакетини тайёрламоқда.
Франция президенти Эммануэль Макрон ЕИга Россиядан нефть ва газ сотиб олишни тўлиқ тўхтатишни таклиф этмоқда.
Россияга қарши янги санкциялар ЕИ расмийлари томонидан 6 апрель куни муҳокама қилинади. Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий ЕИга аъзо давлатлар лидерларининг шошилинч саммитини ўтказиш ташаббусини кўтарди.
Польша Бош вазирига кўра, Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилишига асосан Германия қарши чиқмоқда. Айни пайтда Германия канцлери Олаф Шольц Бучадаги оммавий қатлиом ортидан Москвага нисбатан санкциялар кучайтирилишига қарши эмаслигини айтди.
3 апрель куни Россия армияси тарк этган Буча шаҳрида тинч аҳолидан камида 400 киши ўлдирилгани аниқланган эди. Бироқ Москва қатлиомга алоқадор эмаслигини, бу Киев томонидан уюштирилган провокация эканини иддао қилмоқда.
Европа Иттифоқи Украинанинг Буча ва бошқа шаҳарларидаги оммавий қатлиомларни кескин қоралади ва бу жиноятлар учун масъулият Россия ҳукумати зиммасида эканини таъкидлади.
“Тинч фуқаролар орасида кўплаб одамларнинг ҳалок бўлгани ва яралангани, шунингдек, фуқаровий инфраструктуранинг вайрон этилиши Россия Украина ва унинг халқига нисбатан шафқатсиз уруш олиб бораётганини кўрсатиб турибди. Украинанинг Буча ва бошқа шаҳарларидаги оммавий қатлиомлар Европа заминида содир этилган ваҳшийликлар рўйхатига киритилади”,- дейилади ЕИ баёнотида.
ЕИ мазкур қотилликлар учун Россия ҳукумати масъул эканини, чунки қатлиомлар Россия ҳарбийлари мазкур шаҳарларни эгаллаб турган пайтда содир этилганини таъкидлади.
“Ҳарбий ва бошқа жиноятларни содир этганлар, давлат амалдорлари ва қўмондонлар жавобгарликка тортилади”,-дейилади баёнотда.
Аввалроқ Украина томони Буча шаҳрида камида 400 киши рус ҳарбийлари томонидан ўлдирилгани тўғрисида баёнот берди.
Учинчи апрель куни журналистлар ва Украина расмийлари Киев яқинидаги Буча шаҳри кўчаларида ҳалок бўлган ўнлаб одамнинг жасади топилгани ҳақида хабар қилишган. Мақтулларнинг кўпи фуқаро кийимида бўлган, улардан айримларининг қўллари боғланган эди. Жасадлар шаҳарни икки ҳафта мобайнида оккупация қилган россиялик ҳарбийлар Бучадан чиқиб кетганидан кейин топилган.
Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги жасадлар тўғрисидаги хабарлар ва фотосуратларни “провокация” деб атаган. Маҳаллий турғунлар ва Украина расмийлари тинч аҳоли вакиллари ўлимида россиялик ҳарбийларни айблашяпти ҳамда бу ерда халқаро текширув ўтказиб, айбдорларнинг жазоланишини талаб қилишмоқда.