Президент Мирзиёев ЕИ делегацияси билан ўзаро ҳамкорликни муҳокама қилди

Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Президент расмий сайтидан олинган фотосурат.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни Европа Иттифоқининг Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас бошчилигидаги делегациясини қабул қилди, деб хабар берди президент матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

“Икки томонлама мулоқотлар, шу жумладан иқтисодиёт, қонун устуворлиги, демократик янгиланишлар, инсон ҳуқуқлари, хавфсизлик ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бундан ташқари томонлар учрашув пайтида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги шартнома юзасидан музокараларни якунлаш ва уни тез фурсатда қабул қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

18 ноябрь куни Брюсселда якунланган “Ўзбекистон -ЕИ” ҳамкорлик кенгаши йиғинидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги янги ҳамкорлик шартномаси президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Брюсселга амалга оширадиган ташриф доирасида имзоланишини айтган эди.

Мазкур шартнома юзасидан музокаралар 2019 йилнинг 4 февралида бошланган эди. Ўшанда янги шартнома президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Брюсселга қиладиган сафари доирасида имзоланиши режалаштирилгани маълум қилинган эди.