Европаликларнинг 70 фоиздан кўпроғи кундалик эҳтиёж ҳаражатларини камайтирди

Европанинг олтита асосий давлатидаги аҳолининг 71 фоизи ўз эҳтиёжларини қисқартиришга мажбур бўлган.

Ўсиб бораётган иқтисодий инқироз шароитида европаликларнинг тўртдан уч қисми кундалик эҳтиёж товарлари, жумладан, озиқ-овқат ҳаражатларини камайтирди. Бу ҳақда Bloomberg бозорни ўрганиш билан шуғулланувчи IRI ширкати ҳисоботига таянган ҳолда хабар берди.

Европанинг олтита асосий давлатидаги аҳолининг 71 фоизи ўз эҳтиёжларини қисқартиришга мажбур бўлган. Ижтимоий сўровда иштирок этган уч мингдан ортиқ респондентларнинг ярмидан кўпи биринчи заруратдаги маҳсулотларни сотиб олишдан воз кечган. Сўралганларнинг учдан бири ҳисобларни тўлаш учун ўзлари тўплаб келган маблағларни ишлатишга ёки банкдан кредит олишга мажбур бўлаётганини билдирган.

IRI вице-президенти Ананда Ройга кўра, кучли “инфляциявий чарчоқ” европаликларни 1970-1980 йиллардаги овқатланиш рационини қисқартириш, чегирмалар воситасида маблағни тежаш, савдо тармоқлари маркаси остида чиқарилган маҳсулотларни, хатто яроқлилик муддати якунланишига яқин қолган маҳсулотларни сотиб олиш каби қатъий одатларни қайта тиклашга чақирмоқда.

Сўралган европаликларнинг ярмига яқини озиқ-овқатни буюртма орқали олишдан воз кечганларини, кафе, бар ва ресторанларда камроқ овқатланаётганларини айтишган.