Facebook Ғарб вакциналарига қарши Россиядан бошқарилган кампанияни тўхтатди

Pfizer ва AstraZeneca вакциналари россияликлар аксилташвиқотига нишон бўлган эдилар

Facebook ширкати коронавирус инфекцияси янги турининг Ғарбда ишлаб чиқарилган эмдориларига қарши қаратилган ёлғон ахборот тарқатиш кампанияси билан боғлиқ юзлаб қайд ўчирилганини маълум қилди.

Кампания Россиядан бошқарилган, уни соҳиблари россиялик бўлган ва Буюк Британияда рўйхатга олинган агентлик юритган.

Кампаниянинг ҳадаф аудиторияси Ҳиндистон, Жанубий Америка ва қисман АҚШ фойдаланувчилари бўлган. Биринчи босқичда — 2020 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида аккаунтлар таркибида шимпанзе аденовируси қўлланилган AstraZeneca Британия-Швеция вакцинаси гўё одамни маймунга айлантириши ҳақида мем ва изоҳлар ёйинлаганлар. 2020 йили Россия давлат каналлари ҳам айни мазмунда хабарлар тарқатганди.

2021 йил майида ўзаро боғлиқ бир қанча фойдаланувчилар тармоғи Американинг Pfizer ширкати вакцинаси хавфсизлигига оид шубҳаларни ёйган. Иккала ҳолатда ҳам сохта даъволардан иборат матн ва петициялар дастлаб Reddit ёки Change.org каби оммабоп сайтларда тузилиб, кейин ижтимоий тармоқларга кўчирилган, якуний босқичда уларни машҳур блогерлар бўлишиши керак бўлган.

Ғарб вакциналарига қарши ахборот кампаниясини Британияда рўйхатга олинган Fazze реклама агентлиги ташкил қилган. Май ойида Озодлик радиоси суриштирув ўтказиб, ушбу агентлик “Единая Россия” партияси сиёсий департаментининг собиқ ходимасига алоқадор бўлиши мумкинлигини аниқлаган эди.

2019 йил майида у Москва шаҳар думасига сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этган, аммо етарлича имзо тўплай олмаган. Fazze агентлиги томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилган вакциналарга оид аксари қайдлар битта ҳам “лайк” олган эмас.