Халқаро сузиш федерацияси трансгендер спортчи аёлларга талабни кучайтирди

Халқаро сузиш федерацияси – FINA аёллар ўртасидаги мусобақаларда жинсини 12 ёшдан кейин ўзгартирган трансгендерларнинг иштирок этишини тақиқлади. Бу борада CNN телеканали хабар берди.

Янги тартибга мувофиқ, трансгендер аёллар 12 ёшга тўлгунига қадар жинсини ўзгартирган бўлсагина, мусобақаларда иштирок эта олади. Бу қарорни FINA аъзоларининг 71,5 фоизи маъқуллади. Қарор 2022 йилнинг 20 июнидан кучга кирди.

Бундан ташқари, халқаро федерация, янги тартибга асосан, эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда иштирок эта олмайдиган спортчилар учун “очиқ категория”даги турнирларни уюштиришни режалаштирмоқда. FINА ишчи гуруҳи мазкур тоифадаги мусобақаларнинг “самарали янги меъёрларини ишлаб чиқади”.

“Биз спортчиларнинг мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини ҳимоя қилишимиз лозим, айни пайтда биз мусобақаларнинг, айниқса аёллар ўртасидаги мусобақаларнинг, ҳалол ва адолатли ўтишини ҳам таъминлашимиз шарт”,-деди FINA президенти Ҳусайн ал Мусаллам.

Трансгендер аёлларнинг мусобақаларда иштирок этиши масаласи юзасидан баҳслар америкалик сузувчи Лия Томас билан боғлиқ воқеадан сўнг бошланиб кетган эди. Томас 2017 йилда АҚШнинг Пенсильвания университети жамоасида шуғулланган ва яхши натижаларни кўрсатган. 2020 йилда жинсини ўзгартиргани ортидан Томас университетнинг сузиш бўйича аёллар жамоасига ўтказилган.

2022 йилда Томас Америка талабалар спорти миллий ассоциацияси чемпионатида 500 ярд масофага эркин сузиш мусобақасида ғолиб бўлган.

FINA сузиш, сув полоси, сувга сакраш, бадиий сузиш, очиқ сув хавзасида сузиш ва хай-дайвинг спорт турларини ўз атрофига бирлаштирган.