ФЖИЭХ раҳбари Навальнийнинг соғлиғи бироз тикланганини билдирди

Алексей Навальний

Федерал жазони ижро этиш хизмати (ФЖИЭХ) директори Александр Калашников қамоқхонада очлик акциясини ўтказган Алексей Навальнийнинг соғлиғи тиклангани ҳақида баёнот берди. Мулозимга кўра, мухолифатчининг вазни айни пайтда 82 килограммни ташкил этмоқда, у одатдагидек овқатланяпти ва оиласи билан мулоқот қилиш имкониятига эга.

Калашниковнинг айтишича, ҳозирда мухолифатчига бирор қонунбузарлик бўйича айблов эълон қилинаётгани йўқ.

“Бунда уни қай бир маънода камситиш, унинг турмушини оғирлаштириш мақсади йўқ, у ҳамма қатори юрибди”, дея иқтибос келтирган ФЖИЭХ раҳбари сўзларидан ТАСС агентлиги.

Аввалроқ мухолифатчининг адвокати Вадим Кобзев 18 май куни Владимир вилоятининг Покров шаҳрида жойлашган колонияга Навальнийни кўргани боргани ҳақида маълум қилган. Унга кўра, Навальний ўзини яхши ҳис қиляпти.

2 февраль куни Москвадаги Симонов туман суди Алексей Навальнийга 2013 йилги “Ив Роше” иши бўйича қамоқ жазоси тайинлаган. Мазкур ҳукмга кўра, сиёсатчи қамоқхонада 2,5 йил ўтириши лозим.

31 март куни мухолифатчи очлик эълон қилиб, бу акцияни уч ҳафтадан кўпроқ давом эттирган. Ўша пайтда бели ва оёғида оғриқ борлигидан шикоят қилган Навальний ёнига мустақил шифокорлар қўйилишини талаб қилган. Очлик чоғида мухолифатчининг вазни 72 килограммга тушиб кетган.

Навальнийга тиббий ёрдам кўрсатиш чақириғига ўша пайтда ҳуқуқ фаоллари, қатор мамлакатлар расмийлари, Нобель мукофоти лауреатлари ва жаҳонда машҳур бўлган шахслар қўшилганди. Айни пайтда уни дастаклаш учун Россия ва дунёнинг ўнлаб шаҳрида норозилик акциялари ўтказилган. Россиядаги норозилик чиқишлари минглаб одамнинг қўлга олиниши билан якунланган.