Франция, Германия ва Польша раҳбарлари Россияни Украина билан боғлиқ вазиятни юмшатишга чақирди

Польша президенти Анжей Дуда, ГФР канцлери Олаф Шольц ва Франция президенти Эммануэль Макрон (чапдан ўнгга)

Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлериОлаф Шольц ҳамда Польша президенти Анжей Дуда Украина теварагидаги вазиятни муҳокама қилиш учун Берлинда учрашишди. Музокаралар якуни бўйича улар қўшма баёнот эълон қилиб, унда Россияни Украина чегаралари тарангликни юмшатиш ва Европада хавфсизлик масаласида мазмунли мулоқот бошлашга чақиришди.

Шу билан бирга, улар “Россиянинг Украинага қарши ҳар қандай янги ҳарбий тажовузи оғир оқибатларга олиб келиши ва бунинг бадали катта бўлиши”ни таъкидлаганлар.

Франция президенти Россия билан “турли форматлар”да мулоқотни сақлаш учун барча воситалардан фойдаланишга чақирган. Макрон бундай мулоқотни “Украинада тинчликка эришишнинг ягона йўли” деб атаган.

“Барчамизни дипломатия, аниқ муждалар бериш ва бирликда ҳаракат қилиш орқали Европада тинчликни сақлашдек умумий мақсад бирлаштириб турибди”, деган Германия канцлери. У Берлин, Париж ҳамда Варшава “фавқулодда кескин вазият юмшатилишига” биргаликда эришиш ниятида эканлигини урғуларкан, “бизга музокаралар ва ечим керак”, дея қўшимча қилган.

Уч мамлакат раҳбарлари Евроатлантика маконида тинчлик ва хавфсизликни кафолатлаш учун ЕИдаги ҳамкорлари ва НАТОдаги иттифоқчилари билан бамаслаҳат ишлашда давом этажакларини урғулаганлар. Айни пайтда улар НАТО мудофаа ва тийиб туриш стратегиясини мунтазам равишда қайта кўриб чиқиши ва зарурат бўлганда унга тузатишлар киритиши лозим, дея фикр билдирганлар.

Макрон 7 февраль куни Москвада Россия президенти билан учрашган. Financial Times ёзишича, музокаралар давомида Путин уни қўшма ҳарбий машқлар тугаши билан Беларусдан қўшинларини олиб чиқиб кетишига ва ҳеч қандай “янги ҳарбий ташаббуслар”га қўл урмаслигига ишонтирган.

9 февраль куни эса у Киевга ташриф буюриб, Украина президенти билан музокаралар олиб борган. Макронга кўра, Зеленский Украинанинг Донбассдаги можарони бартараф этишга доир Минск битимларини бажаришга тайёрлигини тасдиқлаган.