Франция парламентининг қуйи палатаси дунёвий қадриятларга оид қонунни ёқлаб овоз берди

Франция парламентининг қуйи палатаси “исломий сепаратизм”га қарши қаратилган республикачилик қадриятларини ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини ёқлаб овоз берди.

Президент Макрон томонидан дастакланган ҳужжатдан асосий мақсад давлатнинг дунёвийлигига путур етказишга уринаётган радикал диний гуруҳлар учун тўсиқ барпо этиш экани айтилмоқда.

Асосан сўл кучлардан ташкил топган қонун лойиҳаси танқидчилари мазкур қонунни мусулмонларга ёрлиқ ёпиштириш ҳамда сўз ва эътиқод эркинлигини чеклаш уриниши эканини иддао қилмоқдалар.

Ҳужжат учун 347 нафар депутат ёқлаб, 151 нафар депутат эса қарши овоз берган. Қонун кучга кириши учун у Сенатда маъқулланиши лозим.

Қонун лойиҳасида 70 дан зиёд модда бўлиб, улар орасида масжид ва диний мактабларни ёпиш учун асослар саналган, диний гуруҳлар олдига хориждан келувчи маблағлар бўйича ҳисобот топшириш талаби қўйилган.

Қонунда уч яшардан бошлаб барча болалар мактабга бориши мажбурий қилиб қўйилган. Уйда ўқиш учун фақат истисно ҳолатларда рухсат берилади. Бу каби чоранинг киритилишини лойиҳа муаллифлари Франциядаги исломий ҳамжамиятда уйда ўқиш тобора кўпроқ тарқалаётгани билан асослаганлар. Муаллифларга кўра, бу ҳолат мусулмон оилаларда вояга етаётган болаларни дунёвий қадриятларга интеграция қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Қонун лойиҳасида ўз талабига бўйсунишни талаб қилган мансабдор шахсга таҳдид ёки ҳужум қилганлик учун 5 йилгача қамоқ жазосини киритиш ҳам кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси парламентга президент Макрон тарафдорлари томонидан 18 ёшли йигит Париж яқинида мактаб ўқитувчиси Самуэль Патини ўлдирганидан кейин киритилган. Ўқитувчи ўз ўқувчиларига Муҳаммад пайғамбарга нисбат берилган карикатураларни кўрсатиб, бунинг сўз эркинлигига мисол эканини айтганидан кейин ўлдирилганди.