Франциялик таниқли актёр Жан-Поль Бельмондо вафот этди

Жан-Поль Бельмондо

Францияда театр ва кинонинг таниқли намояндаси Жан-Поль Бельмондо 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда France-Presse агентлиги хабар қилди.

Бельмондо 1959 йили “Сўнгги нафасда” фильмида қаллоб Мишель Пуакар образини гавдалантиргани ортидан дунёга танилган. Шундан сўнг у томошабинлар олқишига сазовор бўлган ўнлаб кинофильмда роль ўйнаган. “Аёл аёл-да” (1961), “Ўғри” (1967), “Доктор Пополь” (1972), “Стависки” (1974), “Профессионал” (1981) кабилар шулар жумласидандир.

Бельмондо 2001 йили инсультни бошдан кечирганидан кейин театр ва кинодаги фаолиятини тўхтатган, бироқ 2008 йили режиссер Франсис Юстернинг “Одам ва унинг ити” фильмида суратга тушган. 2015 йил февралида эса у кинодаги фаолияти тугаганини эълон қилган.