Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) россиялик дипломатларга қарашли iPhone русумли бир неча минг телефонга ҳакерлик ҳужуми уюштирилганини иддао қилиб чиқди. Махсус хизмат хабарномасида Россиянинг НАТОга аъзо мамлакатлардаги, постсовет ўлкаларидаги, Исроил, Сурия ва Хитойдаги дипломатик хизматлари ходимларининг айфонларига вирус юқтирилгани айтилган.
ФСБ ҳужум тафсилотларига тўхталмаган. Иддаога кўра, ҳужумни амалга ошириш учун шу кунга қадар маълум бўлмаган дастурий таъминотдан фойдаланилган, у iOS операцион тизими кодидаги заифликдан фойдаланган. Ҳужумда АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги айбланган. Мазкур ҳужумни бартараф қилишда, иддао қилинишича, ФСБдан ташқари Россия Федерал қўриқчилик хизмати ҳам иштирок этган.
Федерал хавфсизлик хизмати россияликларнинг смартфонларига ҳужумда АҚШ махсус хизматларига iPhone телефонларини ишлаб чиқарадиган Apple ширкати ёрдам берганини билдирган, бироқ бунга бирорта далил келтирган эмас. Reuters агентлиги бу борада изоҳ сўраб Apple ширкати ва АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигига мурожаат қилган, бироқ шу пайтгача улардан жавоб келмаган.
Apple ўз жиҳозларини ахборот сақлаш учун ишончли ашё ўлароқ тақдим этиб келади. Бироқ вақти-вақти билан махсус хизматлар ёки нияти яхши бўлмаган шахсларнинг ширкат телефонларидаги маълумотларни олишига имкон яратувчи заиф жиҳатлар топилгани ҳақида хабарлар чиқиб туради.
2021 йилда дунёдаги кўплаб ўлкаларда Apple жиҳозлари Исроилнинг NSO Group ширкати томонидан ишлаб чиқарилган Pegasus жосуслик дастури ёрдамида ёппасига нишонга олинган эди. Мазкур дастурдан турли мамлакатларнинг махсус хизматлари фойдаланиб келган. Apple ширкати бу жосуслик дастурини ишлаб чиқарган Исроил фирмаси билан ҳозиргача судлашмоқда.