Аҳолининг газ бўйича шикоятларини Мирзиёев ҳам қондиролмаяпти

Ҳаво ҳарорати Ўзбекистоннинг ғарбий вилоятларида -25 гача тушиб кетган сўнгги ҳафта давомида газ ва свет йўқлигидан Озодликка келаётган шикоятлар кескин кўпайди. Маълумотларга қараганда, Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг виртуал қабулхонасига ҳам бундай шикоятлар кўпайган. Озодлик Фарғона вилоят, Бешариқ тумани, Воруғ қишлоғи мисолида вилоят аҳолиси хонадонларига газ етиб бориш истиқболининг ҳозирча ниҳоятда узоқлигини аниқлади.

"Дарëлар бўйида эдик сувга зор"

(Ўзбекистон Давлат гимнидан)

Ўзбек-тожик чегарасида жойлашган 370 хонадонлик Воруғ қишлоғидан ўтмишда ўзбек газини Тожикистонга етказган катта магистрал газ қувури ўтади. Ушбу магистрал қувур йўналишида жойлашган бу қишлоқ аҳлининг сўнгги бор табиий газ кўрганига яқинда уч йил бўлади.

"Магистрал қувур биздан 500 метрча наридан ўтади. Тожикистоннинг Исфара тумани бизга чегарадош¸ чегарагача чиқса бир километр чиқади. 2005 йилда Америкадаги бир ташкилот қишлоқни газ қувурига улаб берган¸ қишлоғимизга ичимлик суви олиб келган. Ўзимизникиларнинг алоқаси йўқ бу ишларга. Лекин бизникилар сувниям узди¸ газниям узди. Нимагалигини бизга биров тушунтиргани йўқ"¸ дейди ўз шахси очиқланмаслигини сўраган воруғликлардан бири.

Воруғликлар шикоятига газ идораси жавоби

Суҳбатдошга кўра¸ шундоққина катта газ магистрали ëқасида жойлашган воруғликлардан айримлари газ йўқлигидан шикоят қилиб¸ бир неча марта Бош вазир ва муваққат президент Шавкат Мирзиëев виртуал қабулхонасига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

“Аммо ҳар гал маҳаллий газ идораси бу мурожаатларга қишлоқни газ қувурларига улашнинг иложи йўқ¸ муаммо аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш билан ҳал қилинган¸ деган мазмунда Тошкентга ëлғон жавоб бераяпти”¸ дейди воруғликлардан бири.

“Виртуал қабулхонага газ йўқ¸ свет йўқ¸ сув йўқ¸ деб ëзган йигит балога қолди. Уни салкам жиннига чиқаришди – нима эмиш¸ газ¸ свет ва сув бўлмаслигини ҳамма билиб турганда¸ бунақа хат билан Тошкентга ëзиш жиннилик эмиш¸ сиëсатга аралашмасдан¸ жим ўтириш керак эмиш. Бу болани маҳалла фаоллари¸ участковой роса тергади¸ бошқа ëзма деб"¸ дейди Озодлик билан ўз исмини очиқламасликни сўраб гаплашган яна бир воруғлик.

Виртуал қабулхонага ëзилган жавоб хатига Фарғона газ идораси Воруғ қишлоғини газдан узиш қарорини ҳам илова қилган.

Озодлик Бешариқнинг Воруғ қишлоғи¸ қолаверса¸ қорли-қировли кунларда газ ва светсиз жон сақлашга мажбур қолган бошқа қишлоқлар вазиятини ўрганиш мақсадида Фарғона вилоятидаги газ таъминоти билан шуғулланувчи идора масъулларидан бири билан боғланди.

Шахсини очиқламаган бу мутахассис¸ Воруғ қишлоғидаги газсизлик муаммоси юзасидан Мирзиëев виртуал қабулхонасига шикоятлар бўлгани¸ шунингдек¸ уларга берилган жавоб мазмунидан ҳам хабардорлигини билдирди.

“Тўғри¸ бу қишлоқдан Тожикистонга катта магистрал газ қувури ўтган. Унда босим ëзнинг кунида 20-25 кило бўлади¸ тегиб бўлмайди. Районда иккита ГРЭС бор¸ шу иккита ГРЭСдан кейин тарқайди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори бор¸ газ етиб бориши қийин бўлган чекка ҳудудларни газ тармоғидан узилсин¸ деган. Воруғ қишлоғи ГРЭСдан 25 километрча узоқда¸ шунга уни 2014 йилда газдан узганмиз¸ маҳалласида йиғилиш ўтказиб¸ ҳаммасини тушунтирганмиз”¸ деди Фарғонадаги газ идораси мутахассисларидан бири.

Бу суҳбатдош¸ Воруғ ва айни вазиятдаги бошқа қишлоқлардаги муаммо туман газ идоралари томонидан аҳолига суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш ҳисобига қисман ечимини топганини таъкидлайди.

“Туман график бўйича уларни суюлтирилган газ билан таъминлаяпти. Ижара-шартнома бўйича 130 та кам таъминланган оилага газ баллон берилган. Маҳаллақўм шунча оилага газ баллон беринглар¸ деган хат билан чиққан¸ шуларга берилаяпти. Бир ойда бир марта 12 800 литр газ берилади. Бир ойда бир марта берилаяпти. Бу қишлоқда 370 та хонадон бор¸ қолганининг ўзини баллони бор. Суюлтирилган газ билан таъминланган бу қишлоқ”¸ деди Фарғона газ таъминоти идорасининг Бешариқдаги вазиятдан яхши хабардор масъули.

Бу расмий жавобни шарҳлаган воруғлик суҳбатдошлар¸ суюлтирилган газнинг ойда эмас¸ икки ойда бир марта келтирилаëтгани¸ фақат овқат пиширишга ишлатилаëтган бу баллонларнинг кўпи билан 11 кунга етишини билдирди ва бу борада ҳам маҳаллий газ идоралари Тошкентга ëлғон хабар йўллаëтганини иддао қилди.

“Бизга суюлтирилган газ тарқатиш ўрнига¸ хонадонларимизни шундоққина олдимиздан ўтаëтган табиий газ қувурларига қайта улашсин¸ талабимиз шу”¸ дейди Воруқ маҳалла фаолларидан бири.

"Халқ тугул¸ ишлаб чиқаришга газ йўқ -ягона текстилкомбинат тўхтаб ëтибди"

Аммо вилоятдаги газ таъминоти идораси расмийси¸ бундай талабни нафақат Бош вазир виртуал қабулхонаси¸ балки эрта-индин президентликка сайланиши кутилаëтган Шавкат Мирзиëевнинг ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам яқин-орада ҳал қила олмаслигини айтади.

“Қишлоқларни газга улашнинг умуман иложи йўқ. Олдинлари газнинг келиш босими минимум 10 кило бўларди¸ 5-6 кило чиқиш босими бўларди. Ҳозир магистрал қувурда бизга 4¸5 кило бераяпти¸ ГРЭСдан 1¸2 кило босим билан чиқаяпти. Районда ҳозир метанол ярим ишлаяпти¸ текстил комбинатга газ етмаяпти¸ бир ҳафтадан бери ишламай турипти. Районда 22 мингта хонадон бор¸ шундан 5500 тасига газ берилаяпти¸ қолган 17 мингги газ етмаслигидан тармоқдан узиб қўйилган. Бизга тепадан келаëтган кўрсатма фақат газдан узиш ҳақида бўлаяпти. Мана шу йил ичида Бешариқда яна учта қишлоқ газдан узилди. Биз буйруқни бажарамиз¸ холос. Ҳар йили фақат узиб ëтибмиз¸ газга қайта уланг¸ деган гап йўқ¸ кутилмаяпти ҳам. Шу пайтгача узилганлардан бирортасини қайта улаганимиз йўқ. Лекин қувурлар жойида турипти¸ кўрсатма беришса¸ улайверамиз¸ бизга барибир¸” дедйи Фарғона газ идораси мутахассисларидан бири.

Ўзбекистоннинг қанча гази бор?

“Ўзбекнефтегаз” давлат ширкати расмий сайтида иддао қилинишича, милий холдинг ширкати “ишлаб чиқариш қувватлари” Ўзбекистонда йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олиш “имконини беради ва Ўзбекистон газ қазиб олиш ҳажми бўйича жаҳонда 11 ўринни эгаллайди.

Ўзбек газининг хориждаги энг катта харидори Хитой ҳисобланади ва 2016 йили Ўзбекистон Хитойга 10 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳақида шартнома имзолаган.

Ўзбек газининг иккинчи йирик харидори Россиядир. Жорий йил январида Туркманистон газ олишни тўхтатганини эълон қилган Россиянинг “Газпром” ширкати¸ туркман гази ўрнини қоплаш учун Ўзбекистондан олинаëтган газ ҳажмини кўпайтиражагини билдирди. Айни пайтда 2016 йилда Ўзбекистондан қанча газ сотиб олинишига оид рақам очиқланмади.

2015 йили “Газпром” Ўзбекистондан 1 миллиард куб метр газ сотиб олган¸ 2008 йилда бу кўрсаткич¸ 4 миллиард кубометрни ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг табиий газга нисбатан ички эҳтиëжига оид рақамлар жамоатчиликка эълон қилинмай келинади.

2014 йилги расмий хабарларда¸ Ўзбекистондаги ички истеъмолнинг йилдан-йилга ошиб¸ 50 миллиард куб метрдан ошгани иддао қилинган эди.