Германия қимматчиликка қарши кураш учун 65 миллиард евро ажратади

Германия канцлери Олаф Шольцга кўра, Германияда бир йилга етадиган газ захираси мавжуд.

Германия ҳукумати яқин ойларда энергия манбаларининг қимматлаши ва инфляцияга қарши кураш учун 65 миллиард евро ажратади.

Германия канцлери Олаф Шольц 4 сентябрда бу ҳақда баёнот берар экан, мазкур маблағ ҳисобидан кам таъминланганларга бир марталик тўлов берилишини, жамоат транспортига 1,5 миллиард долларлик субсидия ажратилишини таъкидлади. Бундан ташқари энергияга қарам бўлган корхоналар вақтинча солиқлардан озод қилинади.

Германия ҳукумати қимматчиликка қарши курашиш учун бундан аввал ҳам икки марта маблағ ажратган. Лекин бу галги кураш учун энг кўп миқдорда маблағ ажратилмоқда.

Шольц Германияда 2023 йилга ҳам етарли бўлган энергия манбалари, жумладан, газ захираси борлигини айтди.

Россия 24 февралда Украинага бостириб кирганидан сўнг Европада энергетика тармоғидаги нархлар қимматлади. Европанинг бошқа давлатлари ҳам Германия каби чора-тадбирларни ишлаб чиқди ва Россия газига бўлган қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда.