ЕИ давлатлари “Газпром”нинг маҳаллий шуъбаларини миллийлаштирмоқда

Германия “Газпром”нинг Gazprom Germania шуъбасини миллийлаштиргани тўғрисида Financial Times газетаси хабар берди.

Европа Иттифоқининг икки мамлакати бирданига аввал “Газпром”га тегишли бўлган корхоналарни миллийлаштирди.

14 ноябрда Польша тараққиёт ва технология вазири Вальдемар Буда EuRoPol Gaz ширкатидаги “Газпром” улушини олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни имзолади. “Газпром”нинг мазкур шуъбаси “Ямал-Европа” газ қувурининг Польшадан ўтувчи қисмини бошқарар эди.

Қарорда айтилишича, “Газпром” улушини вақтинча мажбурий маъмурият назорат қилади. “Газпром”нинг ўзи Европа Иттифоқи санкциялари остида бўлгани учун газ қувурининг мунтазам ишлашини таъминлай олмайди.

14 ноябрда Германия ҳам “Газпром”нинг Gazprom Germania шуъбасини миллийлаштиргани тўғрисида Financial Times газетаси хабар берди. Шўъбанинг номи Securing Energy for Europe GmbH (SEFE) деб ўзгартирилади. Немис ҳукуматининг билдиришича, “Газпром” шуъбасининг миллийлаштирилиши мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини сақлаб қолиш учун муҳимдир.

Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Германия Россия энерготашувчиларидан босқичма-босқич воз кечиш режасини эълон қилган эди. Урушгача Германияда истеъмол қилинадиган газнинг 40 фоизи Россиядан олинарди. Ҳозирда эса бу кўрсаткич 7 фоизни ташкил қилади.