Германия ташқи ишлар вазири Украинани оғир қуроллар билан таъминлашга чақирди

Финляндия Қуролли кучларига тегишли "Леопард" танки

Германиянинг Rheinmetall қуролсозлик ширкати Украинага ўзи ишлаб чиқарган оғир қуроллар, жумладан, танкларни етказиб беришга ҳозирлигини билдирди. Бу ҳақда Handelsblatt нашри хабар қилди.

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок 11 апрель куни Украинага оғир қуроллар етказиб бериш зарурлиги ҳақида баёнот берган.

Handelsblatt нашрининг ёзишича, гап Бундесвер фойдаланмаётган ўнлаб “Леопард-1” танклари ҳақида бормоқда. Rheinmetall раҳбари Армин Паппергер илк “Леопард” Украинага олти ҳафтадан сўнг етказилиши мумкинлигини айтган, аммо бунинг учун Германия ҳукумати розилиги керак. Бербокнинг кечаги баёноти ҳукумат бунга қарши эмаслигини билдириши мумкин. ТИВ раҳбари ўз баёнотида Украинани қурол билан таъминлашда “креативлик” зарурлигини таъкидлаган эди.

Россия босқинига қадар Германия, НАТОдаги қатор мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Украинага қурол-аслаҳа етказиб беришдан бош тортиб келган. Аммо кейинроқ бу тақиқ бекор қилиниб, Киевга танкка қарши ва ҳаво ҳужумига қарши қуроллар тақдим этилган. Украина ҳукумати эндиликда оғир қуроллар, хусусан зирҳли техника ва учоқларга муҳтожлигини таъкидламоқда.

Ўтган ҳафтада Чехия совет давридан қолган Т-72 танкларини Украинага бериши ҳақида маълум қилинган эди. Айни пайтда Киев Словакиядан ўзиюрар гаубицалар олиш масаласида музокаралар олиб бормоқда.