Германия Ташқи ишлар вазирлиги россиялик 40 нафар дипломатни “исталмаган шахс” ўлароқ эълон қилган. Der Spiegel нашри хабарига кўра, улар Германияни беш кун ичида тарк этишлари шарт.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок “Бучада тасвирга олинган фотосуратлар Россия раҳбарияти ва унинг пропагандасига эргашаётганларнинг мисли кўрилмаган шафқатсизлигидан далолат” эканини билдирган.
Расмий Париж ҳам, Le Monde нашрининг ёзишича, “мамлакат хавфсизлиги манфаатларига зид фаолият билан шуғулланган” россиялик дипломатларнинг бир гуруҳини Франциядан чиқариб юборишга қарор қилган. BFMTV хабарига мувофиқ, бу ерда гап “дипломатик мақомга эга бўлган” 30 чоғли россиялик устида кетмоқда.
Москва бу борада Берлинга ҳам, Парижга ҳам тегишли жавоб берилажагини билдирган.
Германия ва Франция расмийларининг россиялик дипломатларни бадарға қилиш қарорлари Украинанинг Буча шаҳридаги қирғин ортидан олинган. Европа Иттифоқи мамлакатлари Бучадаги қатлиомни қоралаб, мазкур жиноятлар учун Россия расмийлари масъул эканини билдиришган.