Global Witness: Ўтган йили дунё бўйлаб 200 дан зиёд экология ҳимоячиси ўлдирилган

Экологлар сақлаб қолиш учун курашаётган Амазония ўрмонларида ёнғин

2020 йили дунё бўйлаб камида 227 нафар экологияни ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган фаол ўлдирилган. Бу ҳақда Global Witness ноҳукумат ташкилоти ҳисоботида айтилган.

Ҳисоботга мувофиқ, бу ҳужумга учраган экология ҳимоячиларининг қурбон бўлиши бўйича энг юқори кўрсаткичдир, бир йил муқаддам ҳам қурбонлар сони 25 нафарга кам эди.

Қурбонлар орасида энг кўпи ўрмонзорлар кесилиши, дарё ва бошқа сув ҳавзаларининг ифлослантирилиши ҳамда фойдали қазилмаларнинг назоратсиз қазиб олинишига қарши курашган фаоллардир.

Экологлар ўлими бўйича Колумбия олд сафда бормоқда, бу мамлакатда бир йил ичида оқибати ўлим билан тугаган 65 та ҳолат қайд этилган. Мексика, Филиппин, Бразилия, Гондурас, Конго, Гватемала ва Никарагуада ҳам қурбонлар сони 10 нафардан кўп бўлган.

“Қудратли шахсларга қарши курашган фаоллар бунинг учун катта бадал тўлашларига тўғри келди — улар эркларидан, тирикчилик манбаида ва ҳатто ҳаётларидан маҳрум бўлдилар”, дея иқтибос келтирган Global Witness ҳисоботидан “Немис тўлқини”. Ташкилот фаоллар ўлимига табиий бойликларни тийиқсиз эксплуатация қилинишидан манфаатдор йирик корпорациялар алоқадорлигини иддао қилган.