Ўзбекистонда Green University ташкил этилди

Иллюстратив сурат.

Президент Мирзиёевнинг қарори билан “Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети” (Green University) ташкил этилди , деб хабар берди Адлия вазирлиги 8 июнь куни.

Давлат ОТМ ҳисобланган униврситетнинг фаолияти “Hub and Spoke” тамойили асосида йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир мутахассислар, олим, тадқиқотчи, раҳбар ва тадбиркорларни тайёрлаш Университетнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Университетда таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилиб, ўқув жараёни кредит-модул тизими асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади.

2023 йил 1 сентябрдан олий таълим муассасаларининг экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмончилик, “яшил” иқтисодиёт ва гидрометеорология ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги энг иқтидорли талабалари учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири стипендияси таъсис этилади.

Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, 5 йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин – мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.