Грузияда “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши намойиш куч билан тарқатилди

Тбилисидаги парламент биноси олдида бўлиб ўтган тўқнашувдан лавҳа, 2023 йил 7 марти

Грузия пойтахти Тбилисида 7 март оқшомида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинишига қарши парламент биноси олдида бўлиб ўтган намойиш куч билан тарқатилди.

Хабарларга кўра, полиция норозиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сувотарларни ишга солган, сўнгра намойишчилардан бир қанчаси тутиб кетилган.

Тбилисидаги норозилик чиқишларига сабаб бўлган қонун лойиҳаси сешанба куни биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, лойиҳани 150 депутатдан 76 нафари ёқлаган, 13 киши қарши чиққан, 61 нафар депутат эса овоз беришдан тийилган.

Ҳужжат қабул қилиниши ортидан Грузия мухолифатининг минглаб тарафдори парламент биносини ўраб олишга ҳаракат қилган. Улар Тбилиси расмийларини “хорижий агентлар”га қарши Россия тажрибасидан фойдаланишга уринаётганликда айблашган. Пировардида намойишчилар билан полициячилар ўртасида тўқнашув содир бўлган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили фуқароларга мурожаатида парламент биноси олдида турган норозиларни қўллашини билдириб, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга вето қўйишини урғулаган.

АҚШнинг Тбилисидаги элчихонаси мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ва намойишчиларга қарши куч қўлланишини “Грузия демократияси учун қора кун” деб атаган. Вашингтон “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилиниши ортидан Грузияга қарши санкциялар жорий этилиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича мутасаддиси Жозеп Боррель қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Грузиянинг ЕИга аъзо бўлиш интилишларига зид келишини билдирган. Мулозимга кўра, ҳужжат ЕИ қадриятлари ва стандартларига мувофиқ келмайди. Боррель Тбилиси расмийларини аҳолига тинч норозилик акцияларини ўтказиш ҳуқуқини беришга чақирган.