Ўзбекистон халқ артисти Гули Ҳамроева 76 ёшда вафот этгани тўғрисида 16 апрель куни Маданият ва туризм вазирлиги маълум қилди. Гули Ҳамроева Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрининг прима балеринаси бўлган.
Гули Ҳамроева 1946 йил Тошкентда Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроевнинг оиласида туғилган. У 1966 йилдан бери катта театрда “Боғчасарой фонтани”, “Дон Кихот”, “Эсмералда”, “Дилором”, “Севги тумори”, “Спартак” ва бошқа ўнлаб спектаклларда етакчи партияларни ижро этган.
1972 йили суратга олинган «Семурғ» фильмида у малика Паризод ролини ижро этгани ортидан томошабинлар назарига тушган эди. Вазирлик таъзиясида таъкидланишича, Гули Ҳамроева яратган образлар “миллий балет хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган”.
Ҳамроева 2000−2002 йилларда балет режиссёри, 2002 йилдан Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби ректори лавозимида ишлаган.
Ўзбекистон халқ артисти Гули Ҳамроева вафот этди
Гули Ҳамроева 1946 йилда Ўзбекистон халқ артисти Раззоқ Ҳамроев хонадонида туғилган. Маданият вазирлиги фотосурати.