Уюштирилган кампания? Шоу бизнес вакиллари Гулнорага муҳаббат изҳор этишда янги пойга бошлади (ВИДЕО)

Қизиқчи Ҳалима ва кўплаб Instagram фойдаланувчилари миллиардлаб долларни ўғирлаганликда айбланган Гулнора Каримованинг озод этилишини Оллоҳдан сўраëтганларини айтди.

24-25 июнь кунлари ижтимоий тармоқларда ўзбек шоу бизнесининг айрим таниқли намояндалари марҳум президентнинг қамоқдаги қизи Гулнора Каримованинг яқин кунларда озодликка чиқишини сўраб дуо қилиш ва мадҳ этишга киришди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Уюштирилган кампания? Шоу бизнес вакиллари Гулнорага муҳаббат изҳор этишда янги пойга бошлади

Озодлик гаплашган Тошкентдаги блогерлардан бири¸ блогер ва шоу бизнес вакилларига президент администрациясининг айрим мутасаддиларидан махсус буйруқ бўлганини иддао қилди.

Шахси сир қолишини сўраган блогер мазкур кампания жамоатчиликни Гулнора Каримованинг озодликка чиқишига тайëрлаш ва бу эҳтимолга ижобий муносабатни шакллантириш учун уюштирилганини билдирди.

Каримов ўлганда “дода тирик” деб чиққан Жаҳонгир Позилжонов Гулнорани соғинганини ёзди

“Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов Райҳон постидан бир неча соат ўтиб ўзи ва оиласининг Гулнора Каримова билан бирга тушган суратини қўйиб:

- Сизни соғиндик. Тезроқ эсон-омон оилангиз бағрига қайтишингизни тилаб қоламиз¸ сиҳат саломатлик тилаймиз¸ деб ëзди.

Бу ëзуви охирида Позилжонов Имон Каримова ва Гулнора Каримованинг Instagram аккаунтини белгилади (tag).

Ҳалима қизиқчи Гулнора Каримовага - "Вы мой кумир!"

Қизиқчи Ҳалима Ибрагимова ҳам 25 июнь куни Instagramда Каримова ҳаққига дуо қилаëтганлар сафига қўшилди.

Каримованинг шуҳрат ва қудрат шоҳсупасида бўлган пайтидаги суратини қўйган Ҳалима Ибрагимова:

- Оллоҳим қўлласин. Фарзандларингизга бош бўлинг¸ тану жониз соғ бўлсин. Сизи дуогўйларингиз кўп¸ Вы мой кумир¸ - деб ëзди ва бу ëзувида у ҳам Имон Каримова ва Гулнора Каримова аккаунтларини белгилаб қўйди.

Ҳалиманинг Instagramдаги 1¸6 миллион фоловеридан 10 мингдан ошиғи “ëқди” деб ëзган бу пост¸ бир неча соатдан сўнг ғойиб бўлди.

25 июнь куни ижтимоий тармоқ¸ хусусан¸ Instagramдаги ўзбекистонлик фойдаланувчиларни “ғувиллатган” Гулнора Каримова ҳақидаги дуогўйликка шоу бизнеснинг Шаҳзода Матчонова¸ Зиëда¸ Далер Субҳонов¸ Дилфуза Қодирова каби қатор бошқа вакиллари¸ шунингдек¸ танилмаган юзерлар ҳам қўшилди.

Улардан айримлари “Алҳамдулиллаҳ, иншаллаҳ, Оллоҳим ўзингга шукур дуолар қабули учун Роббим”¸ деб ëзган бўлса¸ бошқалари “У яқинда қайтади¸УРА! деб байрам бошлади.

“Гулнорага озодлик!”

Ўзбекистонлик журналист ва блогер Каримберди Тўрамуроднинг Facebook саҳифасида 24 июнь куни пайдо бўлган мурожаати шундай номланди.

Гулноранинг кучи, билими, ташкилотчилик қобилияти, қолаверса, пулидан Ўзбек халқи манфаати йўлида фойдаланиш шарт. Унга озодлик бериш, ҳеч бўлмаса, Фонд форум доирасида фаолият юритишига имкон бериш керак.

Бир ойгина олдин кечирилиши ақлимизга сиғмаган одамлар кечирилиб, уларга уй-жой ҳам берилганда, наҳотки, Гулнорани кечирмаслик керак?

Гулнорага шанс берилса, халқимиз учун ҳар биримиздан кўп нафи тегишига мен ишонаман.

У ҳам Аёл! У ҳам Она!

Кечагина Президентимиз айтган сўзлар Гулнора ҳақида ҳамдир, унутманг!

Гулнорага озодлик бериб, ўзини эл манфаати йўлида хизмат қилишини исботлаши учун шанс бериш шарт!

Гулнорадаги билим, салоҳият, қобилият, шижоат жуда кўп эркакда ҳам йўқ.

Гулнорага озодлик берилсин!”¸ деб ëзди самарқандлик журналист-блогер.

Блогер: кампанияга "тепадан" старт берилди!

25 июнь куни Озодликка боғланган блогерлардан бири ижтимоий тармоқларда фоловерлари кўп бўлган блогер ва шоу бизнес намояндаларига Гулнора Каримованинг озодликка чиқишини сўраб ëзиш ҳақида “тепадан” оғзаки буйруқ берилганини билдирди.

Бу блогер “тепа” атамасига аниқлик киритиб¸ президент администрацияси таркибидаги ваколатли идора ва унинг раҳбари номини тилга олди.

(Бу иддаони қувватловчи далил ихтиëрида ҳозирча йўқлиги боис¸ Озодлик бу идора ва унинг раҳбари номини очиқламаëтир.)

Блогернинг айтишича¸ топшириқ Гулнора Каримованинг яқин орада озодликка чиқарилишига ижтимоий фикрни тайëрлаш ва унинг халқдан сўраган кечирими ижобий қабул қилингани “муждасини ëйиш” мазмунида бўлган.

Озодлик Каримберди Тўрамуроддан ўзига бошқа блогер айтган каби “тепадан” махсус кўрсатма берилган-берилмаганини сўраб мурожаат қилди.

"Буни бир социологик тадқиқот, сўровнома десангиз ҳам бўлади," дея жавоб қайтарди Каримберди Тўрамурод.

“Ўзбекконцерт” расмийси жавоб беришга қийналди

25 июнь куни Озодлик Ўзбекистондаги маданият ва санъат намояндалари фаолияти учун лицензия берувчи “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг бир эмас¸ бир неча мулозими билан шоу бизнес вакилларининг айни кунда айнан Гулнора Каримова мавзуида кўрсатган фавқулодда фаоллиги ҳақида гаплашди.

Улардан айримлари Озодлик номини эшитиб¸ “эшитмай” қолганини айтиб¸ гўшакни илган бўлса¸ бевосита лицензия бўлими мулозимлари бу жараëндан бехабарлигини билдирди.

“Ўзбекконцерт” нафақат санъаткорларнинг ижодий фаолияти¸ балки уларнинг ижтимоий тармоқлардаги ҳатти-ҳаракатларини ҳам назорат қилади ва яқинда Жаҳонгир Отажонов¸ Абдулла Қурбонов каби қўшиқчиларнинг тармоқдаги тортишуви учун уларни лизенциядан маҳрум қилган эди.

Давлат муассасаси мулозимлари¸ Озодликнинг ўнлаб санъаткорнинг миллиардлаб долларлик халқ мулкини ўғирлашда айбланган Гулнора Каримовани бир кунда олқишлаб¸ унга озодлик сўраб чиқиши тасодифми¸ ëки бу махсус уюштирилган кампаниями¸ деган саволига жавоб беришга қийналди.

Бундай буйруқни биз бермадик. Бизнинг бу ишга алоқамиз йўқ. Агар улар Гулнора Каримова ҳақида ëзган бўлса¸ бу уларнинг шахсий фикри¸ бизга алоқаси йўқ!”¸ деди “Ўзбекконцерт” давлат идораси лицензия бўлими мутасаддиси.

Гулнора Каримова Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ қолаверса АҚШ¸ Швеция¸ Ҳолландия ва Швейцария прокуратураси томонидан ниҳоятда катта миқдордаги (бир неча миллиард АҚШ доллари ҳақида гап бормоқда – таҳр.) коррупция ва пул ювишда айбланган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Гулнора Каримовага оид сўнгги ​ баëнотида айтилишича, коррупция ва оғир иқтисодий жиноятларда айбланган Гулнора Каримова Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукми билан 10 йилга қамалган, аммо 2018 йил 1 июлда бу ҳукм ўзгартирилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига алмаштирилган.

Аммо Каримова жазони ўташ тартиби ва шартларини такрор бузганлиги сабабли 2019 йил 5 мартда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан унга нисбатан тайинланган жазонинг ўталмай қолган муддати озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилиб, жазони умумий тартибли колонияда ўташи белгиланган.

Каримованинг Швейцариядаги адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) 15 июнь куни ўз мижозини Зангиота қамоқхонасида кўргани ва унинг саломатлиги ëмон аҳволда экани ҳақида Twitterда ëзган эди.

Адвокати билан сўнгги учрашувдан сўнг Каримованинг халқ ва президент Шавкат Мирзиëевга қилган мурожаати очиқланди.

Бу мурожаатда Каримова ўз бойликлари¸ хусусан¸ Швейцарияда музлатилган пулларни Ўзбекистонга қайтаришда ҳукумат билан ҳамкорликка тайëрлиги¸ бунинг эвазига ўзининг амнистия қилиниши сўради.

Шахсий ташаббус

25 июнь куни президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида гапирган Ўзбекистон Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари Икром Муслимов¸ маҳаллий нашрларга кўра¸ Гулнора Каримованинг бу мурожаатига муносабат билдирган.

"Гулнора Каримова иши бўйича Олий Судга яқин вақт ичида бирор мурожаат келиб тушмаган. Унинг ва оила аъзоларининг турли манбалар орқали қилаётган баёнотлари Гулнора Каримованинг шахсий ташаббусларидир. Бу борада бирор расмий ҳужжат кўриб чиқилаётгани йўқ", деган Олий суд мутасаддиси жумладан.

Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Озодликнинг ўз мижози ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида бораëтган сўзлашувларига оид саволларига ҳозирча жавоб бермади.

Бундай яширин сўзлашувлар ҳақида ўтган ҳафта Каримованинг қизи Имон батафсил маълумотни очиқлаган эди.