Ўзбекистонда жорий йилда 15 минг киши ҳажга боради. Ҳаж нархи эълон қилинди

Ўтган йили Ўзбекистондан 12 минг киши ҳажга борган эди.

Жорий йилда Ўзбекистондан ҳаж зиёратига 15 минг киши жўнатилади. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита видеобаёнотида маълум қилинди. Ўтган йили ҳажга бориш квотаси 12 минг киши эди. 2023 йилда квота уч минг кишига кўпайтирилган.

Қўмита ҳар йили ҳаж зиёратига борувчилар сони оширилиши режалаштирилаётгани тўғрисида билдирди.

Жорий йилда бир нафар зиёратчига тўлов миқдори 68 миллион 760 минг сўм этиб белгиланди. Бу ўтган йилдаги нархга нисбатан 6 миллион 140 минг сўмга кўпдир.

Аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистонда ҳаж мавсуми 4 июндан бошланишини ва 19 июнгача Саудия Арабистонига ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилишини эълон қилган. Саудиянинг Мадина шаҳрига парвозлар Ўзбекистоннинг 10 шаҳри - Тошкент, Бухоро, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус ва Навоийдан амалга оширилади.

Ўзбекистонлик зиёратчиларни Мадина шаҳридаги Zam-zam Pullman, Макка шаҳридаги Roshidiya, Abraj al-Dana, Laba Darna, Ruba al-Hijaz меҳмонхоналарига жойлаштириш режалаштирилмоқда.

1 май куни Дин ишлари бўйича қўмита ҳаж тадбирини ташкил этиш турагентликлар ваколатига кирмаслиги ва улар орқали Саудияга борганларга жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли қарорига асосан Ҳаж ва Умра ибодатларини уюштириш бевосита Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юкланган.

Қўмитанинг билдиришича, ҳажга "ноқонуний йўллар билан борганлар" Саудия Арабистонидан депорт қилинади ва уларга Саудияга кириш 10 йилга тақиқланади. Бундан ташқари 100.000 саудия риёли (26.000 АҚШ доллари) миқдорида жарима солинади.