АҚШ ва Европада террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАС ва “Ислом жиҳоди” сулҳ эвазига Ғазода ҳокимиятни топширишдан воз кечди. Бу таклиф ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачилик қилаётган Миср томонидан киритилган эди. Бу ҳақда Reuters Миср хавфсизлик хизматидаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, Миср Ғазода сайлов ўтказишни таклиф қилган ва ҲАМАС аъзолари таъқиб қилинмаслигига кафолат берилишини билдирган. Қоҳирада ўтган музокараларда ҲАМАС вакиллари 7 октябрда Исроилга ҳужум пайтида гаровга олинганларни бўшатишдан бошқа ҳеч қандай шартларни қабул қилмасликларини билдирган. ҲАМАСга кўра, Исроил гаровдагиларнинг бўшатилиши эвазига қамоқларда сақланаётган фаластинликларни бўшатиши лозим.
“Ислом жиҳоди” вакиллари эса Reuters билан суҳбатда, Ғазо аҳолиси учун гуманитар ёрдам кўрсатиш кўпайтирилишини талаб қилаётганларини билдирди.
“Ислом жиҳоди” асирлар билан алмашиниш “барчага барчани” формуласи доирасида ўтказилишини талаб қилмоқда. Бу формулага асосан, гаровдагиларни бўшатилиши эвазига Исроил қамоқларда сақланаётган барча фаластинликларни озод қилиши шарт.
Сўнгги маълумотларга қараганда, ҳозир бу икки гуруҳ қўлида Исроилга 7 октябрь куни қилинган ҳужумда гаровга олинган 130 одам қолмоқда.
Мисрнинг “Аш Шарқ” телеканали ўз манбаларига таяниб, Қоҳира Исроил ва ҲАМАСга таклиф қилган тинчлик режасининг айрим тафсилотларини очиқлади.
Биринчи босқичда уч ҳафталик гуманитар оташкесим эълон қилинади. Шу давр ичида ҲАМАС гаровга олинганлардан 40 нафарини, Исроил эса қамоқдаги 120 фаластинликни бўшатиши ва Ғазога ёқилғи, гуманитар ёрдам киритиши керак.
Иккинчи босқичда Ғазода бўлгани қайта тиклаш ва Фаластин мухторияти президенти сайловини ўтказишга тайёргарлик кўрувчи ҳукумат ташкил қилинади.
Учинчи босқичда ўт отишни тўлиқ тўхтатиш, асир олинган барча Исроил аскарларини озод қилиш ва уларни муайян миқдордаги фаластинлик маҳкумларга алмашиш назарда тутилади. Бу босқичда Исроил армияси бўлгани тарк этади ва қочқинлар уйларига қайтарилади.
Айни пайтда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу парламентда қилган чиқишида, 25 декабрь куни Ғазога боргани ҳақида билдирди. Ғазода Исроил аскарлари билан учрашган Нетаняҳу ҲАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунича ҳарбий амалиёт давом эттирилишини айтган.