АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам доирасида HIMARS беради

HIMARS ракета тизими.

АҚШ 20 ноябрь куни Украинага юз миллион долларлик навбатдаги ҳарбий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Мазкур кўмак доирасида Киевга яна бир HIMARS ракета тизими етказиб берилади.

Бундан ташқари Украинага “Стингер” зенит ракеталари, танкларга қарши “Жавелин”лар, TOW ва АТ-4, артиллерия снарядлари, уч миллиондан ортиқ ўқ, ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмлар ва қишки кийим-кечак берилади.

Янги ҳарбий ёрдам тўғрисида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг Киевга 20 ноябрда қилган расмий сафаридан сўнг билдирилди.

Остин президент Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг ўтган матбуот анжуманида Украина армияси Россияга катта зарар етказгани, босиб олинган ҳудудларнинг деярли ярмини озод қилгани ва Қора денгиз флотини ўз соҳилидан чекинишга мажбур қилгани ҳақида гапирди.