Ҳиндистонда “Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқариш тўхтатилди, ишлаб чиқарувчи ширкат фаолияти текширилмоқда

Ўзбекистонда камида 19 нафар гўдак ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech фармацевтика ширкати заводида текширув бошланган. Бу ҳақда 29 декабрь куни Ҳиндистон Дори-дармон воситаларини назорат қилиш бош бошқармаси (DCGI) маълумот тарқатган.

Marion Biotech’нинг расмий вакили матбуотга ширкат “Док-1 Макс” сиропини ишлаб чиқариш тўхтатилганини билдирган ва заводда текширув олиб борилаётганини тасдиқлаган.

DCGI вакиллари бу борада Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан доимий алоқада бўлиб турилганини қайд этган.

ССВ шу йилнинг 22 декабридан Ўзбекистонда мазкур препарат сотилишини тақиқлаган. Камида 19 нафар бола ўлимига сабаб бўлган дори воситаси таркибида, вазирлик ташаббуси билан ўтказилган лаборатория тадқиқоти натижасида керагидан ортиқ “этиленгликоль” заҳарли моддаси борлиги аниқланган.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ҳолат юзасидан текширув ўтказилиб, бу иш учун масъул бўлган шахсларнинг барчаси жавобгарликка тортилишини билдирган, ДХХ Тергов бошқармаси эса ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган.