Электрдан шикоят қилган китобликларга туман ҳокими ҳокимиятда ҳам электр йўқлигини айтди

Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилган аҳолига авария ҳолати туфайли ҳокимият биносида ҳам электр таъминоти йўқлигини билдирди.

Туман ҳокимининг “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маълумотига таянган ҳолда қайд этишича, Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 900 МВт бўлган иккита энергоблокни тўхтаганлиги сабабли Қашқадарё вилоятининг айрим ҳудудлари қисман, Қамаши, Яккабоғ, Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри, Китоб туманлари эса электр таъминотидан тўлиқ узилган.

Туман ҳокими сифатида шахсан мен ҳам шу туманда яшайман.Мавжуд ҳолат туфайли ҳокимият биносида ҳам электр таъминоти йўқ”, деган ҳоким А. Зокиров.

“Туманда чироқ бўлмаслигидан туман раҳбарияти учун ҳеч қандай манфаат йўқ”лигини урғулаган мулозим бу масала тез орада ҳукумат даражасида бартараф этилишига ишонч билдирган ва китобликларга “бу вақтинчалик қийинчилик ҳал этилгунига қадар” ички имкониятлардан борича фойдаланиб туришни маслаҳат берган.

Албатта, умид қиламизки, туманимизда ҳам электр таъминоти тез орада изга тушади”, деган туман ҳокими.

Энергетика вазирлиги Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғловчи ягона энергетик тизимининг электр узатиш тармоқларида режадан ташқари содир бўлган узилишлар ортидан Ўзбекистондаги бешта ИЭСда энергоблоклар ўчирилгани, бунинг натижасида бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотида узилишлар кузатилаётгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Бу муаммо мамлакат ҳудудида шу кунларда ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгани қабатида янада аянчли тус ола бошлаган. “Ўзгидромет” маълумотига кўра, 6-7 январь кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати -20 даражагача пастлаши мумкин.