Ҳокимларнинг мингга яқин қарори ҳақиқий эмас деб топилди

Иллюстратив сурат

2024 йил давомида Ўзбекистондаги маъмурий судлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан имзоланган қарорларнинг 933 тасини қонунга зид бўлгани боис бекор қилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати эълон қилган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларга доир ахборотда сўз боради.

Ҳисобот даврида маъмурий ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан шикоят қилишга оид 6991 та иш кўриб чиқилди. Хусусан, ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ кўриб тамомланган ишлар сони 2720 тани ташкил қилган.

Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов Daryo.uz нашрига қарорлари бекор бўлган ҳокимлар рейтингида Тошкент (143 та), Самарқанд (128 та) ҳамда Жиззах (113 та) вилоятлари етакчи ўринда эканини маълум қилган.

Бир муддат аввал Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Ўзбекистонда ҳокимлар қарорларнинг 30 фоиздан ортиғи ёпиқ ҳолда қабул қилинаётганидан ёзғирганди. Унга кўра, ёпиқ қарорларнинг аксари давлат харидлари ёки бюджет маблағларини сарфлаш билан боғлиқ бўлиб, ҳужжатлар ноқонуний равишда ёпиқ тартибга ўтказилмоқда.

Маҳаллий матбуот муқаддам ноқонуний қарор қабул қилган ҳокимларни моддий жавобгарликка тортишни таклиф этган эди.