Ҳолландия россияликларга туристик виза беришни тўхтатди

Ҳолландиянинг Амстердам шаҳри

Ҳолландиянинг Россиядаги консуллиги шу йил 27 апрелидан туристик виза дохил қисқа муддатли визаларни беришни тўхтатишини очиқлади.

Мазкур қарор қабул қилинишига дипломатик ходимлар сонининг қисқаргани сабаб бўлган. 19 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳолландиялик 15 нафар дипломат мамлакатдан чиқариб юборилишини эълон қилган. Бу Ҳолландия томонидан жорий йил март ойи охирида Россия элчихонасининг 17 нафар ходимини “исталмаган шахс” ўлароқ эълон қилинишига жавоб қадами бўлган.

Ҳолландия консулхонаси вакиллари эндиликда россияликлар ўз мамлакати ҳудудида фақат гуманитар виза ҳамда вақтинча яшаш учун рухсатномаларнигина олиши мумкинлигини қайд этишган.

Россия ҳудудида Шенген туристик визасини Италия, Франция ёки Венгрия консулхоналарида ҳали ҳам олиш мумкин.

Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирганидан кейин Эстония, Латвия, Литва ва Чехия россияликларга қисқа муддатли виза беришни вақтинча тўхтатиб қўйган.

2022 йил 24 февралидан бери Европада умумий ҳисобда россиялик 400 дан зиёд дипломат бадарға қилинган. Россия бу чораларга нисбатан худди шу каби жавоб чоралари билан жавоб бермоқда.