HRW: Хитой ҳукумати масжидларни ёпмоқда ёки бузиб ташламоқда

Уйғурлар яшайдиган Шинжон автоном минтақасининг Қошғар шаҳрида Рамазон Ҳайити намози. 26 июнь, 2017 йил.

Хитой ҳукумати мамлакатдаги мусулмонлар нисбатан кўпроқ яшайдиган провинцияларда масжидларни бузиш, уларни қўшиб юбориш, ўзгартириш ва аҳолининг масжидларга боришини камайтириш орқали Исломни жиловлашга уринмоқда, дейилади Human Rights Watch (HRW) инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнотида.

Хитой ҳукумати диний эътиқод ҳуқуқини бузувчи сиёсати – "масжидларни бирлаштириш" тадбирлари доирасида Нинся ва Гансу провинцияларида масжидлар сонини сезиларли даражада камайтирмоқда, дейди HRW.

Хитой расмийлари ислом таъсирини чеклашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида масжидларни ёпмоқда, бузиб ташламоқда ва дунёвий бирор мақсадда фойдаланиш учун ўзгартирмоқда. Кўплаб масжидларнинг гумбаз ва миноралари олиб ташланмоқда.

“Хитой ҳукумати, ўз таъбири билан айтганда, масжидларни «бирлаштириш» билан шуғулланмаяпти, балки диний эркинликни бузган ҳолда уларнинг кўпини ёпмоқда”, деди HRW’нинг Хитой бўйича директори вазифасини бажарувчи Майя Ван. "Хитой ҳукумати томонидан масжидлар ёпилиши, вайрон қилиниши ва ўзгартирилиши Хитойда Ислом амалиётини чеклаш бўйича тизимли тадбирларнинг бир қисмидир".

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи

Хитойда охирги марта масжидларнинг оммавий ёпилиши 1950-йилларда, Хитой Коммунистик Партияси мамлакатни 1949 йилда эгаллагандан кейин содир бўлган. Тахминларга кўра, расмийлар 1966 йилги Маданий инқилобгача Нинся масжидларининг қарийб 90 фоизини вайрон қилган ёки қўшиб юборган. Инқилобдан кейин Хитойда одамлар яна кўплаб масжидлар қуриб, ўз диний ҳаётини изга солди, аммо Хитой ҳукумати дин устидан қаттиқ назоратни сақлаб тураверди. Бугунги кунда расмийлар бешта расман рухсат этилган динда диний ходимларни тайинлаш, нашрлар ва молия устидан назоратни ушлаб туради.

2016 йилдан бошлаб, Президент Си Цзиньпин динларни «хитойлаштириш»га чақирганидан бери ҳукуматнинг дин устидан назорати кучайди. Динни полиция кузатувида тутиш ва нима «нормал», яъни қонуний ҳисобланишини белгилашдан ташқари, расмийлар энди динни Хитой Коммунистик Партияси мафкурасига мослаштиришга, партия ва Президент Сига садоқатни ошириш учун ҳар томонлама ўзгартиришга интилмоқда.

Хитой қонунчилиги одамларга расман рухсат этилган динлар бўйича фақат расман тасдиқланган жойларда ибодат қилишга изн беради. 2016 йилдан бошлаб, Хитой Коммунистик Партияси халқнинг руҳий ҳаётига ҳам раҳнамо бўлишини таъминлаш мақсадида Президент Си Цзиньпин динларни «хитойлаштириш»га чақирганидан бери дин устидан ҳукумат назорати чандон кучайди.

Партиянинг 2018 йил апрель ойидаги марказий ҳужжатида исломни кўпроқ «хитойлаштириш» бўйича кўп қиррали миллий стратегия белгилаб берилган. Бу ҳужжат партия ва бутун мамлакат бўйлаб барча давлат идораларига “ислом диний объектларини қуриш, таъмирлаш ва кенгайтириш бўйича стандартлаштирилган бошқарувни кучайтириш”ни тайинлайди.

Ҳукуматнинг мавжуд ҳужжатлари Хитой ҳукумати Шинжондан ташқари энг кўп мусулмон аҳолиси бўлган Нинся ва Гансу провинцияларида масжидларни «бирлаштириш» амалга оширилаётганини кўрсатади. Австралия Стратегик Сиёсат Институти маълумотларига кўра, 2017 йилдан бери Хитойнинг Шинжондаги расмийлари минтақадаги масжидларнинг учдан икки қисмини ўзгартирган ёки зарар етказган. Тахминан ярми бутунлай бузиб ташланган.

HRW Нинсяда хуэй мусулмонлари томонидан интернетга жойлаштирилган видео ва фотосуратларни текшириб, таҳлил қилган ва бунда иккита қишлоқнинг сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланган. Бу қишлоқлардаги еттита масжиддан тўрттаси жиддий зарар кўрган: учта асосий бино вайрон қилинган, улардан бирининг таҳоратхонаси бузиб ташланган. Етти масжиднинг гумбаз ва миноралари олиб ташланган.

HRW Нинся ва Гансуда ёпилган ёки ўзгартирилган масжидлар сонини аниқлай олмаган, чунки расмий ҳужжатларда аниқ маълумотлар йўқ. Келгуси тадқиқот ҳисоботида, хуэй мусулмонлари бўйича икки тадқиқотчи Ҳанна Тикер ва Дэвид Строуп, 2020 йил ҳолатига кўра, Нинсядаги масжидларнинг учдан бир қисми ёпилганини тахмин қилмоқда.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Мирзиёев Сианда. Хитой ва Россия сиам эгизакларми?

Хуэй мусулмонларининг баъзилари ҳукумат цензурасига қарамай, бу сиёсатларга очиқ қарши чиқди. 2021 йил январь ойида Нинся амалдорлари бешта одамни қишлоқдаги партия идорасида сиёсатга норозилик билдирганидан кейин “тартибсизликка чақириш”да айбладилар. Одамлар Нинся, Гансу, Цинхай ва Юннан каби хуэй мусулмонлари минтақаларида масжидларнинг ёпилиши ёки бузиб ташланишига, шунингдек, гумбаз ва миноралар олиб ташланишига қарши норозилик билдиришган.

АҚШда истиқомат қилувчи мусулмон хуэй фаоли Ма Жунинг айтишича, ҳукумат диний ибодатларни тўхтатмоқчи: "Одамлар масжидларга бормай қўйса, ҳукуматга масжидларни ёпиш учун тайёр баҳона бўлади".

Хорижий ҳукуматлар, айниқса, Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Хитой ҳукуматига масжидларни бирлаштириш сиёсати ва хитойлаштириш кампаниясини тўхтатиш учун босим ўтказиши керак, дейди HRW ташкилоти.

"Хитой ҳукуматининг хитойлаштириш сиёсати нафақат Хитойдаги барча мусулмонлар, балки мамлакатдаги барча диний жамоаларнинг эътиқод эркинлиги мутлақо писанд қилинмаётганини кўрсатади, – дейди Майя Ван. – Диний эркинликдан хавотирда бўлган ҳукуматлар бу муаммоларни бевосита Хитой ҳукуматига айтиши, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро йиғинларда кўтариши керак."