Ҳуқуқбон Ташанов аэропортда таҳқирли муомалага дуч келди

“Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Тошкент халқаро аэропортида таҳқирли текширувга рўбарў бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ фаолининг ўзи Фейсбукдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

Ташановга кўра, Деҳлига учиб кетиш олдидан Ислом Каримов номидаги аэропортда унинг шахсий ашёлари солинган жомадонини титиб ташлашган, паспортини олиб қўйиб, бир соатдан кўпроқ ушлаб туришган.

“Ечинтириб, чотимгача текширишди. Ўта ҳақоратомуз муносабатда бўлишди. Кимга шикоят қиламан, ҳатто билмайман”, деб ёзди таниқли ҳуқуқбон.

Ташанов аэропорт ходимларининг юз-кўзида хижолатчилик сезганини, “Ака, хизматчилик, сизни таниймиз”, дейишганини қайд этди.

“Ҳуқуқ ҳимоячиси бўла туриб, ўзгалар ҳуқуқини ҳимоя қилиб, шарафсизлар олдида ожиз қолдим. Соғлиғимга путур етди, ўтган ҳафта шифохонадан чиққандим", деб ёзди “Эзгулик” раҳбари.

Абдураҳмон Ташановга нисбатан Тошкент аэропортида қилинган таҳқиромиз муомала ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаолларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Хусусан, таниқли ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад “Абдураҳмон Ташановни Тошкент аэропортида таҳқирлаган ходимлар эртага ҳуқуқлари бузилса, шу одамга мурожаат қилишади”, деб ёзди.

“Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни расмий Тошкент позициясидан туриб эмас, балки халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрлари талабидан келиб чиққан ҳолда ёритиб келаётган кам сонли ҳуқуқбон ва журналистлардан биридир. У мамлакатда юз бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга кечикмай муносабат билдириб келади. Масалан, куни кеча у собиқ депутат ва фаол Қобул Дўсовнинг қамоққа олинишига муносабат билдириб чиққан эди.