ИИВ 12 балли жарима тизими қандай ишлашини тушунтирди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда ҳайдовчиларга ҳисобланадиган жарима баллари фақатгина ЙПХ инспекторлари тузган баённомалар асосида шаклланади. Бу масалага Ички ишлар вазирлиги ЙҲХХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров 25 февраль куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида тўхталди.

“Халқимизнинг келиб тушган таклифлари ва ижтимоий ҳолатни инобатга олган ҳолда фақат йўл патрул хизмати инспектори томонидан расмийлаштирилган маъмурий баённома асосида баллик тизимга ўтилади. Қоидабузарликларни базада ҳисоблаш ИИВ ЙҲХХ томонидан электрон тарзда амалга оширади. Бу ерда инсон омили бўлмайди”, дея иқтибос келтирди ИИВ мулозимидан Kun.uz нашри.

Келгусида камера ва радарларга тушганда ёзиладиган жарималарни ҳам 12 балли тизимга қўшиб ҳисоблаш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: 20 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимига доир ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, мамлакатда йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича 12 балли жарима тизими жорий этилади.

Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири илк марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Жарима балларининг ҳар бири бир йилдан сўнг автоматлаштирилган тарзда ечиб борилади.

Жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Қорайтирилган ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши, ҳайдовчиларнинг светофор тақиқловчи сигналига бўйсунмаслиги каби ўндан зиёд қоидабузарликлар учун жарима баллари ҳисобланади.

Озодлик аввал хабар қилганидек, 20 февраль куни имзоланган қонунга мувофиқ мамлакатда йўл безорилиги учун ҳам жавобгарлик жорий этилди.