Ўзбекистонда Сардобадаги тошқинда талофат кўрган масжидларни қайта қуриш учун Telegram’да хайрия гуруҳи очиб, йиғилган маблағни Сурияга жўнатиш билан шуғулланган гуруҳ қўлга олинган. Бу ҳақда Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Тартиб посбонлари иддаосича, 21 январь куни Сирдарё вилояти бўйича ДХХ бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир чоғида Сирдарё вилоятида “жиходчилар” экстремистик оқимининг яширин гуруҳи фаолиятига чек қўйилган.
Хабарномада мазкур гуруҳнинг икки етакчиси Россия ишлаш давомида радикал гуруҳлар таъсирига тушиб қолгани, Ўзбекистонга қайтиб келганларидан кейин эса экстемистик ғояларни тарғиб қилиб юрганлари айтилган. Шунингдек, улар Суриядаги тўқнашувларда иштирок этувчи террорчи гуруҳларни молиялаштириш билан шуғулланганликда гумонланмоқда.
“Қўлга олинганлардан баъзилари карантин чекловлари бекор қилингач, Сурияга чиқиб кетишни режалаштириш мақсадида ушбу мамлакат ҳудудидаги маслакдошлари билан алоқада бўлиб келганлар”, дейилган хабарномада.
Ҳозирда гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган, улар устидан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.