Жорий йилнинг 3-4 февраль кунлари Ўзбекистонда ўтказилган “Қорадори” тадбирида 112 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари (героин, опий, гашиш, синтетик турдаги гиёҳвандлик воситалари) ва 8 мингдан зиёд кучли таъсир қилувчи моддалар тарқатилиши олди олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирликка кўра, икки кун ичида ДХХ билан ҳамкорликда гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келаётган шахслар ва жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш мақсадида жами 653 та махсус тадбир ўтказилган.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласидан олинган 287 минг 460 доллар ва 569 миллион сўм миқдоридаги пул маблағлари далилий ашё сифатида расмийлаштирилган.
Тадбирлар доирасида 175 та тиғ, 58 та бита, 24 та кастет ва 77 та қурол ҳам мусодара қилинган.
ИИВ қайдича, қўзғатилган 222 та жиноят иши доирасида 228 нафар шахс жиноий, 64 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. 47 нафар қидирувдаги шахслар ушланган. 357 нафар шахс билан профилактик суҳбат ўтказилиб, уларнинг 231 нафари расман огоҳлантирилган.
ИИВ криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасидаги тезкор тадбирлар бошқа йўналишларда ҳам давом эттирилишини билдирган.
Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, 2024 йил мобайнида мамлакатга бир тоннадан ортиқ гиёҳвандлик моддалар олиб кирилишининг олди олинган.
Аввалроқ Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайганини маълум қилиб, мамлакатда “дорихона наркоманияси” авж олганидан хавотир изҳор қилган эди.