Икки минг нафарга яқин мигрант 2021 йилнинг 15 ноябрь куни чошгоҳ пайти Беларусь-Польша чегарасидаги “Брузги – Кузница” назорат-ўтиш масканига (НЎМ) келди. Кейинроқ улар масканни ўраб олиб, ўзларини ЕИ ҳудудига ўтказиб юборишни талаб қилишди, дея хабар қилди Озодликнинг беларус хизмати.
Польша полициясига кўра, беларуслик чегарачилар мигрантларни гўё Кузницадаги НЎМдан автобусларда Германияга элтиб қўйишга қарор қилинганига ишонтириб, уларни бошлаб келган.
Польшалик ҳарбийлар Кузницада мегафон орқали беларуслик чегарачиларга рус тилида мурожаат этишмоқда: “Қўшнилар! Беларуслар! Сиздан қаттиқ илтимос қиламиз: бас қилинг! Бу ишлардан сўнг ўз хотинингиз ва фарзандларингиз кўзига қандай қарайсиз? Эсингизни йиғинг!”
Польша чегара хизмати вакили Анна Михальская қайдича, польшалик чегарачилар “мигрантларнинг Кузницадан ЕИ ҳудудига ёриб ўтишини кутишмоқда”.
Озодликнинг беларус хизмати мигрантлар НЎМга Беларуснинг қуролланган кучишлатар тузилмалари ходимлари ҳамроҳлигида келишганини ёзган. Беларусь чегарани қўриқлаш қўмитаси “Брузги” чегара масканида “яхши ниятда ЕИ ҳудудига ўтмоқчи бўлаётган” 2100 нафар мигрант борлигини маълум қилган.
Польша расмийлари беларуслик чегарачилар ёш болали аёлларни атайлаб колонна олдига чиқарганини таъкидлашмоқда.
“Брузги – Кузница” НЎМ фақат автотранспорт ўтишига мўлжалланган, у ердан пиёдаларнинг чегарани кесиб ўтиши назарда тутилмаган. Ўтган ҳафта чегарада мигрантлар гуруҳ пайдо бўлганида Польша бу НЎМни ёпиб қўйган эди.