Илон Маск антисемитизмда айблангани ортидан Исроилга сафар қилди

Маск Х тармоғидан тушадиган фойданинг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилган.

Жаҳоннинг энг бой одамларидан бири бўлган Илон Маск Исроилга сафар қилди. Маск Исроилда бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан учрашди ва Ғазога чегарадош бўлган Кфар-Аза шаҳарчасига борди. Бу шаҳарчага 7 октябрь куни АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи деб тан олинган ҲАМАС ҳужум қилган эди.

Ижтимоий тармоқларда зирҳли жилетлар кийган Маск ва Нетаняҳу АҚШ ва ЕИда террорчи сифатида тан олинган ҲАМАС ҳужуми оқибатларини кўздан кечираётгани акс этган фото ва видеолар тарқалди. Маск гаровга олинганларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Маск Исроил президенти Исаак Герцог ва мудофаа вазири Бен Ганц билан ҳам учрашади. Bloomberg агентлигининг ёзишича, Маск Ғазода гаровда сақланаётганларнинг вакиллари билан ҳам мулоқот қилади.

Хабарда таъкидланишича, Исроил ҳукумати Маск билан Starlink сунъий йўлдош алоқасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш юзасидан ҳам музокаралар олиб бормоқда. Октябрда Маск Ғазога ёрдам кўрсатаётган ташкилотларга Starlink алоқасидан фойдаланишга рухсат бериши мумкинлиги билдирган эди. Бу баёнот Исроил ҳукумати томонидан кескин танқид қилинган.

Маск ўзининг антисемитизмда айбланаётгани фонида Исроилга сафар қилди. Маск эгалик қиладиган Х ижтимоий тармоғида фойдаланувчилардан бири яҳудий жамоатчилиги “оқ одамларга” нисбатан ҳам нафратни олға сураётгани ва айни пайтда ўзларига нисбатан нафратни тўхтатишни талаб қилаётганлари тўғрисида пост қолдирган. Маск бу пост муаллифининг фикрига қўшилишини билдирган.

Шундан сўнг Х ижтимоий тармоғи билан йирик реклама берувчилар – Apple, Walt Disney, IBM, Sony Pictures ва бошқалар ҳамкорликни тўхтатган. Бунга жавобан Маск Х тармоғидан тушадиган фойданинг бир қисмини Исроил ва Ғазога гуманитар ёрдам сифатида ажратишини маълум қилган.