Имомлар ротацияси: Тошкент шаҳри собиқ бош имоми Раҳматуллоҳ Сайфуддинов яна “Минор”га қайтарилди

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Тошкент шаҳрининг собиқ бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов пойтахтдаги “Минор” жоме масжиди имом-хатиби лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 16 март куни бўлиб ўтган йиғилишида муфтий Нуриддин Холиқназаров эълон қилган.

Йиғилишда Чиғатой даҳасидаги “Имом Бухорий” масжиди имоми Садриддин Абдурашидов Олмазор тумани “Иброҳимбой Орифжонбой” жоме масжидига, Кўкчадаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имоми Яҳё Абдураҳмонов Чиғатойдаги “Имом Бухорий” жоме масжидига, “Минор” жоме масжиди имом-хатиби Абдуқаҳҳор Юнусов Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасидан ажралмаган ҳолда Кўкчадаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидига имоми-хатиб ўлароқ ўтказилгани қайд этилган.

Ижтимоий тармоқларда зиддиятли чиқишлари билан танилган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов жорий йилнинг январь ойи бошида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Нуриддин Холиқназаров раислигида ўтказилган мажлисда “ўз аризасига биноан” Тошкент шаҳри бош имоми лавозимидан бўшатилган эди.

“Танқидий руҳда ўтган йиғилишда йўл қўйилган хатолар, фуқаролар мурожаатини тинглашдаги камчиликлар, аҳоли билан ишлашдаги муаммолар ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини таъминлашдаги оқсоқликлар таҳлил қилинди”, дейилганди ЎМИнинг 4 январь куни ёйинланган хабарномасида.

Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг эркак кишининг доялик қилишига қарши баëноти ва бошқа чақириқлари билан ижтимоий тармоқларда кўплаб мунозараларга сабаб бўлган. Мунозаралар ортидан имом ўз маърузасини “нотўғри талқин” қилган, дея матбуотни “фитнакорлик”да айблаган.