Индонезияда террорчилик фаолиятида гумонланган тўрт нафар ўзбекистонлик ушланди

Индонезиялик полициячилар (иллюстратив сурат)

Индонезия полицияси ижтимоий тармоқлар орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террор гуруҳи ташвиқоти билан шуғулланган тўрт нафар ўзбекистонликни қўлга олган. Антара агентлиги хабарига кўра, бу ҳақда Индонезия полицияси мулозими генерал Аҳмад Рамазон 4 апрель куни Жакартада ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Гумонланувчилар жорий йил 24 мартида қўлга олинганини урғулаган Аҳмад Рамазон уларнинг 26, 28, 32 ва 40 ёшли эркаклар эканини айтган.

Индонезияга Истанбул, Абу Даби ва Малайзия орқали келган бу шахслар ижтимоий тармоқлар орқали террор тарғиботи билан шуғулланганликда гумонланишяпти. Улардан икки нафари Индонезияга 6 февралда, яна иккиси эса 27 февралда келгани айтилмоқда.

Генерал Аҳмад Рамазонга кўра, ўзбек расмийларидан олинган маълумотлар ва Индонезия полициясининг террорга қарши кураш бўлими томонидан олиб борилган текширувлар бу ўзбекистонликлардан уч нафари Яқин Шарқда, айниқса Сурияда фаол бўлган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террор ташкилотига дохил бўлганини кўрсатган. Қўлга олинганларнинг яна бири эса молиявий ёрдам кўрсатиш ва ҳужжат сохталаштиришда гумонланяпти.

Индонезия полицияси вакилининг айтишича, мазкур шахслар ушланган бўлса-да, ҳибсхонага йўлланган эмас.

“Биз бу борадаги ўз хатти-ҳаракатларимизни алоқадор томонлар билан ҳалигача мувофиқлаштирмоқдамиз”, деган Аҳмад Рамазон.