Ироқ авиаширкатлари миграцион инқироз туфайли Минскка парвозларни тўхтатди

"Ироқ ҳаво йўллари" авиаширкатига қарашли учоқ

Ироқ Фуқаро авиацияси бошқармаси маҳаллий авиаширкатларга Минскка парвоз қилишни тақиқлаб қўйди. Мазкур қарор ҳукумат топшириғи асосида қабул қилинган, дея билдирилган бошқарманинг Фейсбукдаги саҳифасида.

Парвозлар ҳар куни ўнлаб ироқлик қўлга олинаётган Беларусь-Литва чегарасида юзага келган миграцион инқироз манзарасида тўхтатилди.

Ёзда Литва расмийлари Беларусь билан чегарада фавқулодда вазият тартиби ўрнатилганини эълон қилишган. Қайд этилишича, мамлакатга визасиз бўлмаган тўрт мингдан зиёд одам кириб олган. Уларнинг кўпи Минскка саёҳат баҳонасида келгани маълум бўлган.

Ўтказилган журналистик суриштирувларга мувофиқ, Ироқда воситачилар одамларга Беларусь чегараси орқали нолегал тарзда Европа Иттифоқига ўтиб кетишни таклиф қилмоқдалар.

Европа Иттифоқи бу вазият бўйича масъулиятни Александр Лукашенко режими зиммасига юкламоқда. Иддаоларга кўра, Беларусь расмийлари нолегал миграция учун шароит яратишяпти. Вильнюс Минскка қарши санкцияларни кучайтиришни талаб қилмоқда. Politico журналининг хабар қилишича, Европа Иттифоқи мамлакатлари мигрантлар ёпирилиб келишини тўхтатиш учун Бағдодга босимни кучайтирган.

Беларусь расмийлари ЕИ айбловларини расман тан олаётганлари йўқ. Бироқ май ойида Лукашенко Европа Иттифоқи санкцияларга жавоб чораси сифатида чегарада назоратни сусайтиришни ваъда қилаёзганди. Расмий Минскка алоқадор Телеграм-каналлар Беларусь билан Афғонистон ўртасида авиақатнов йўлга қўйилиши мумкинлигини хабар қилмоқдалар.